Туркман қамоқхонасидаги Озодлик мухбири қўйиб юборилган

Image caption Туркман милицияси журналистни нега ушлашгани сабабини очиқламаган.

Туркманистонда икки ҳафта олдин ҳибсга олинган Озодлик радиоси журналисти озод қилинган.

Ровшан Язмуҳаммедов собиқ Чоржў, ҳозирги Туркманобод шаҳрида 6-май куни қўлга олинган эди.

Уни ҳибсда сақлаган милициянинг аксилтеррор бўлими журналистни нега ушлашгани сабабларини очиқламаган.

Озодлик радиосининг Туркман хизматида Ровшан Гариев номи билан материаллар тайёрлаган журналист ҳибсга олиниши муносабати билан халқаро ташкилотлар хавотир билдирдилар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Халқаро Амнистия, Human Rights Watch, оммавий ахборот воситалари ходимларини муҳофаза қиладиган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотлари ва Оврўпо Иттифоқи Ровшан Язмуҳамедовнинг озод этилишини талаб қилдилар.

Ҳамкасби билан телефон орқали суҳбатлашган Озодлик радиоси Туркман хизмати ходимларига кўра, Ровшан Язмуҳамедовнинг жисмоний аҳволи яхши туюлган, унинг саломатлиги жойида.

"Биз ҳамон нега уни ҳибсга олишганини билмаймиз. Шунингдек, уни қандай шартлар билан озодликка чиқаришганидан ҳам хабаримиз йўқ. Бу каби тафсилотларни биз ҳали Равшаннинг ўзидан билиб олишимиз керак. У эндигина ҳибсдан чиққан. Бизнинг тушунишимизча, унга расман бирон айб қўйишгани йўқ", деб айтди Озодлик Туркман хизмати раҳбари Тоҳир Муҳаммад.

Ровшан Язмуҳамедовни қўйиб юбориш қарорига Туркман ҳукуматининг ўзи келганми ва ёки халқаро ҳамжамият олиб борган кампания бирон натижа берганми - аниқ эмас.

"Лекин ўтмишда бизнинг мухбирларимиз ҳибсга олинган чоғлари халқаро доирадаги талаблар ва кампаниялар муайян ўрин тутган. Лекин Ровшаннинг озод этилишида айнан қайси сабаб бирламчи бўлган - мен ҳозир айта олмайман", деб айтди Тоҳир Муҳаммад.

Ўтмишда Озодлик радиосининг бир неча журналистлари Туркманистонда тазйиқ ва ҳибсларга дуч келишган.

Ҳатто 2006 йилда Туркман қамоқхонасида Озодлик мухбири Ўғилсапар Мурадованинг жасади яқинларига қайтарилганди.

Яқинлари марҳуманинг бўйни ва бошида жароҳат излари бўлганини айтганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ