'Сурияга урушга кетган икки қирғизистонлик ватанига қайтарилди'

Image caption Суриядаги исёнчилар орасида турли мамлакатлар фуқаролари бор.

Қирғизистон расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги Боткен вилояти Қизил Қия шаҳрилик икки ёшни қайтаришга муваффақ бўлганлар, ёшларнинг Суриядаги жанговор амалиётларда қатнашиш учун йўл олганлари айтилган.

Қирғизистон Хавфсизлик Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Қизил Қия шаҳри бўлимидан айтишларича, Суриядаги урушга қатнашиш учун чиқиб кетиши мумкин деб айтилган ёшлардан бири мамлакат аэропортларидан биридан қайтарилган.

Иккинчи ёш эса Туркиядан қайтариб олиб келинган.

Қизил Қия шаҳар хавфсизлик идораси раҳбари Замирбек Жолболдуев бу йўналишда ҳамон иш олиб борилаяпти, деб айтган.

"Биз махсус оператив чораларни кўраяпмиз. Қизил Қия шаҳридан Туркияга ўқишга кетдим, Россияга, Сочига, Болтиқбўйига ишлаш учун кетдим, деб ота-онасини алдаб, ҳар хил йўллар билан чиқиб кетганлар бўлган. Биз ана шундай мақсадда бўлганлардан бирини аэропортдан қайтардик. Яна бир ёш Туркиядан қайтиб келди. Қолганлари Туркиядаги ҳар хил мадрасаларда, ҳар хил шаҳарларда ўқишаяпти, деган маълумотлар бор", деб айтган Замирбек Жолболдуев.

Бир ой илгари Туркияга кетган фарзандлари Суриядаги урушга олиб кетилиши мумкинлигидан хавотир билдирган етти ёшнинг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

23 май куни Қизил Қия шаҳрида Қирғизистон парламенти депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари мулозимлари ва жамоатчилик вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилган, унда қирғизистонлик ёшларнинг Сурияга кетиб қолишлари олдини олиш йўллари муҳокама қилинган.

Ўтган йили августида Сурия ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб бораётган жангарилар сафига ўзбеклар қўшилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан яхши алоқаси бўлган манба Би-би-си ўзбек хизматига 40 дан зиёд қуролли Сурия ҳудудига ўтганини маълум қилган.

Британияда нашр этиладиган Guardian рўзномаси Туркия-Сурия чегарасида бир турк одам ташувчиси билан суҳбатлашган.

Одам ташувчининг рўзномага айтишича, суриялик исёнчиларга ёрдам бериш учун йўлга чиққанлар орасида "покистонликлар ва ўзбекистонлар" ҳам бўлишган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг тарғибот веб сайти - Furqon.com Башар ал-Ассаднинг "дунёвий режимига қарши" жиҳодга қўшилаётган кўнгиллилар сони ортиб бораётгани ҳақида ёзган.

Тожикистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган хабарга кўра, Сурияда қуролли ҳаракатлар бошланганидан буён уч тожикистонлик у ерда ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ