Мухтор Аблязов: Яқинларим ноқонуний депортация қилинган

Image caption Мухтор Аблязов Қозоғистон махсус хизматларини ўзининг оиласи аъзоларини ўғирлаганликда айблаган.

Қозоғистон расмийлари ва баъзи ғарб мамлакатлари томонидан қидирувда бўлган собиқ вазир ва банк раҳбари Мухтор Аблязов рафиқаси ва 6 ёшли қизи Италиядан Қозоғистонга депортация қилинганлигини маълум қилган.

Жаноб Аблязовнинг интернет ижтимооий тармоқлари орқали тарқатган хабарида айтилишича, қизи ва рафиқасини ноқонунуий равишда ва ихтиёрларига қарши мажбурий равишда махсус учоққа солиб олиб кетишган.

Қозоғистон ҳукумати Аблязовни милдлиардлаб доллар маблағни суистеъмол қилишда айблаган. Кейинчалик Лондонда бошпана топган Аблязов устидан Британ маҳкамаси ҳам ҳукм чиқариб, қатор кўчмас мулкини мусодара қилишга рухсат берган.

Илк бор рафикаси ва кизи Италиядан Козогистонга учаётган учокда уз ихтиёрларига қарши олиб кетилаётгани хақида Мухтор Аблязовнинг ўзи жумадан шанбага утар кечаси Facebookдаги саҳифасида хабар қилди.

Аблязовнинг Facebookдаги сахифасида ёзишича, Италия полицияси прокурорнинг депортация ҳақидаги қарорга протест киритмоқчи эканига қарамасдан, оиласи аъзоларини чартер учоққа ўтирғизишган.

Яқинлари Рим шаҳридаги хонадондан Италия полицияси томонидан ҳибсга олингани ва Қозоғистонга олиб кетилгани ҳақидаги хабарни Би-би-сига Мухтор Аблязовнинг Лондонда яшайдиган ўғли Мадёр тасдиқлаган.

"Уларни Италиядан чиқариб юборишди. Ҳозир бизнинг асосий вазифамиз - бу хақда имкони борича кўпчиликни бохабар қилиш. Чунки биз уларнинг хавфсизлигидан хавотирланаяпмиз", деб айтган Мадёр Аблязов.

Италия полициясига кўра, қозоғистонлик корчалоннинг хотини ва 6 яшар қизининг ҳужжатлари сохта бўлган.

Олма-Ота шаҳрида жойлашган "Ар Руҳ Хақ" жамоатчилик жамғармаси хабар қилишича, ўтган жума 31 май куни Италия полицияси Рим шаҳри четидаги уйда тинтув ўтказган.

У ерда Мухтор Аблязовнинг 46 ёшли турмуш ўртоғи Алма Шалабаева қизи билан яшаган.

Улар иккиси ҳам ҳибсга олиниб, Қозоғистонга мажбуран жўнатиб юборилганлар.

Facebookдаги саҳифасида Мухтор Аблязов Қозоғистон махсус хизматларини ўзининг оиласи аъзоларини ўғирлаганликда айблаган.

Қозоғистон молиявий жиноятларда айблаб, топширилишини талаб қилаётган Мухтор Аблязовнинг шу кеча-кундузда қаерда экани номаълум.

Лондондаги Юқори маҳкама уни маҳкамага нисбатан ҳурматсизлик кўрсатгани учун қамоқ жазосига ҳукм этганидан кейин у ғойиб бўлган.

2011 йилда Британия Мухтор Аблязовга сиёсий бошпана берган эди.

Қозоғистон ҳукуматида қатор юқори лавозимларни, хусусан Энергетика, саноат ва савдо вазири лавозимини эгаллаган Мухтор Аблязов мамлакатдаги энг йирик банк БТА банкнинг асосчиси ҳам бўлган, банк активи ўнлаб миллиард долларни ташкил этган.

Банкнинг ҳозирги раҳбарияти ва Қозоғистон ҳукуматининг даъволарига кўра, Мухтор Аблязов 2005 йилдан 2009 йилга қадар бир қатор ширкатлари орқали беш миллиард АҚШ долларига тенг маблағни ноқонуний ўзлаштирган.

Мухтор Аблязовнинг ўзи бу даъволарни рад этади ва Қозоғистон ҳукуматининг айбловларини сиёсий асосларга эга эканини урғулаб келади.

Хорижда Мухтор Аблязов мухолифатдаги "Қозоғистоннинг Демократик танлови" ҳаракатига асос солган.