Жалол-Ободлик онахонлар ҳокимият биносини бўшатишди

Қирғизистоннинг Жалол-Обод вилояти ҳокимиятини эгаллаб турган қаҳрамон оналар ниҳоят бинони тарк этишган. Бироз аввал Қирғизистон Бош Вазири Жонторо Сотиболдиев 2 июнда ҳибсга олинган Медер Усеновни озод қилишни талаб қилган юзлаб намойишчилар билан учрашиш учун Жалол-Ободга келганди.

Ата Журт партияси тарафдорлари 31 май куни ҳокимият биносини эгаллаб олиб, партия аъзоси Медер Усеновни "халқ губернатори" дея эълон қилишганди.

Бироқ эртасига Усенов ҳибсга олинган ва унга қарши "давлат идорасини куч билан эгаллаб олиш" айби билан жиноий иш очилган. Намойишчилар бунга жавобан стратегик Бишкек-Ўш трассасини тўсиб олганлар ва, агар у озод этилмаса, давлат идораларига ўт қўйиш билан таҳдид солишган.

Чоршанба куни жаноб Усенов Бишкекдаги ҳибсхонадан озод этилган ва Жалол-Ободдаги намойишчилар билан келиб кўришиши ортидан, трасса қайта очилган.

Медер Усенов беш фарзанди борлиги ҳисобга олиниб, кафолат эвазига озод қилинган, бироқ кафил ким экани очиқланмаган.

Жалол-Обод вилоят ҳокимиятини эгаллаб келаётган қаҳрамон оналар 7 июнгача биноани тарк этмасликларини айтишганди. Ҳозирда вилоят ҳокими Жусубали Торомаматов ўз лавозимига тикланган.

Бироз аввал Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан учрашиб, йўл тўсиб қўйилган Сузоқ туманида фавқулодда вазият киритилишидан огоҳлантирганди.

Сўнгги бир ҳафта мобайнида Қирғизистоннинг шимоли ва жанубида мунтазам равишда юз бераётган оммавий тартибсизликлар оқибатида сиёсий-ижтимоий вазият кескинлашган.

Ўтган ҳафтада Иссиқ-Кўл вилоятининг Жети-Уғуз туманида Президент Атамбаев фавқулодда вазият эълон қилиб, уни икки кундан сўнг бекор қилган.

Оммавий тартибсизликларга айланган намойишларнинг асосий сабаблари - бу "Қумтор" олтин конида иш олиб бораётган Канаданинг "Центерра Голд" ширкати ҳиссаларига боғлиқ норозиликлар ва ўтган йили айни масалага қарши намойишлар уюштирган парламент депутатларнинг қамалиши бўлган.