Қозоғистон Ўзбекистонга '10 баробар кўп' сармоя киритган

Image caption Сўнгги рақамлар Президент Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга расмий сафари олдидан эълон қилинмоқда

Охирги 10 йилда Қозоғистон Ўзбекистонга киритган сармоялар ҳажми Ўзбекистон Қозоғистонга киритган сармоя миқдоридан 10 баробар кўпдир.

Бу ҳақда Қозоғистон Иқтисодиёт вазирлиги маълум қилган.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, 2002-2012 йиллар мобайнида Ўзбекистон Қозоғистон иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри сармоялар 10 ярим миллион долларни ташкил этган бўлса, Қозоғистон сармояларининг ҳажми 102 миллион долларга тенг бўлган.

Хабарда бу сармояларнинг қайси соҳаларга киритилгани айтилмаган.

Қозоғистон томони берган рақамларга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилда 2.1 миллиард долларни ташкил этган.

Унинг салмоқли қисми Қозоғистон экспортига тўғри келади.

Иқтисодни бошқаришнинг шўро давридаги маъмурий-буйруқбозлик услубини сақлаб қолган Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан радикал иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган Қозоғистон 2000 йиллар бошига келиб, минтақанинг энг йирик иқтисоди ҳолига келган.

Жаҳон Банкига кўра, Қозоғистон ўз иқтисоди ҳажми бўйича дунёда 52, Ўзбекистон эса 84-ўриндадир.

Ўзбекистон аҳолисининг даромади Қозоғистон аҳолисининг даромадларидан бир неча баробар кам.

Жаҳон Банкига кўра, 2008 йилда Қозоғистоннинг Ялпи ички маҳсулоти Ўзбекистонникидан 5 баробар кўп бўлган.

Ҳар йили юз минглаб ўзбеклар мавсумий ишлар учун Қозоғистонга боришади.

Сўнгги рақамлар Президент Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга расмий сафари олдидан эълон қилинмоқда.

Минтақавий сармоядор

Қозоғистон минтақадаги қўшни давлатлар иқтисодига энг кўп сармоя киритган давлатдир.

Қозоқ сармояларининг катта қисми Қирғизистонга тўғри келади.

Аммо сўнгги йилларда Ўзбекистонда сармоя муҳитининг ёмонлашиши ва кўплаб хорижий сармоядорларнинг мамлакатни ташлаб кетишлари ортидан Қозоғистон ғарблик сармоядорларнинг ўрнини эгаллаётгани айтилади.

Аммо мутахассисларга кўра, Ўзбекистон Қозоғистоннинг тўғридан-тўғри сармояларини унчалик ҳам олқишламайди.

Уларга кўра, қозоқ сармоялари улушининг ўсиши Ўзбекистон ҳукумати бераётган иқтисодий рақамларни шубҳа остига қўйиши мумкин.

Аммо Ўзбекистонда амал қилаётган "УзПЕК" Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси ҳамда Британияда рўйхатдан ўтган "Меридиан" ширкатлари қозоғистонлик сармоядорларга тегишли ёки қозоқ сармояларининг улуши салмоқли бўлган ширкатлар, деб ишонилади.

Саноатни ривожлантиришга урғу бераётган Қозоғистон Ўзбекистонни йирик бозор сифатида кўради.

1990-йиллар ўрталарида нефт ва ғалла мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон ҳанузгача ҳар икки соҳада Қозоғистонга қарамлигича қолмоқда.

Нефт иқтисоди

1997-2007 йиллар орасида жаҳонда нефт нархларининг юқори бўлгани ва арзон кредитларнинг Қозоғистон банкларига оқиб келиши иқтисодий ўсишни таъминлаган омиллардан экани айтилади.

Аммо 2007-2009 йилларда жаҳонда юз берган инқироз сабаб иқтисодий ўсиш секинлашган.

Жумладан, 2012 йилда ЯИМ ўсиши 5 фоиз, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 4.6 фоизга тушиб кетган.

Бунга жавобан Президент Назарбоев иқтисодий инфратузилмани тубдан янгилаш ғоясини илгари сурган.

Бундан ташқари, шу йил охирида дунёдаги энг йирик нефт майдони сифатида билинган Каспий денгизида бўйидаги Қашаған нефт конини ишга туширишни режалаётган Қозоғистон нефт ишлаб чиқаришни келаси 10 йилда 60 фоизга кўпайтиришга умид қилмоқда.

Таҳлилчилар жаҳондаги иқтисодий инқироз Ўзбекистон ва Қозоғистонга турлича таъсир кўрсатганига эътибор қаратишади.

Уларга кўра, инқироз ортидан иқтисодда давлат улуши салмоқли бўлган Ўзбекистон хусусийлаштириш жараёнини тезлаштирган бўлса, Қозоғистон қайтага, иқтисодни бошқаришнинг либерал усулларидан бироз чекингани кузатилган.

Жумладан, Президент Назарбоев ўтган ой хусусий нафақа жамғармаларини миллийлаштиришни таклиф қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ