Россияда ўндан ортиқ меҳнат муҳожири сувдан заҳарланган

Image caption Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари кўпинча пулни тежаш учун яшаш шароити бўлмаган жойларда яшашга рози бўлишади.

Тожикистон телеграф агентлигига кўра, Россиянинг Перм вилоятида ич терламага йўлиққанлиги тахмин қилинган муҳожирларнинг сони 16 тага етган.

5 июнда ич терлама белгилари билан бир қанча беморлар касалхонага ётқизилган.

Пермдаги "Фуқаролик ҳимояси" ташкилоти берган маълумотга биноан, 10 кишида бу касаллик тасдиқланган.

Агентликка кўра, касалланганларнинг ҳаммаси "Заостровка" озиқ-овқат бозорида меҳнат қилган ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлардир. Улар маҳаллий меҳмонхонада яшашган.

Касалликнинг белгиси дастлаб тожик муҳожирида билинган, сўнгра ўзини беҳол ҳис қилганлар кўпая боргани хабар қилинади.

Тахминларга кўра, антисанитария шароити муҳожирларни ёппасига заҳарланишига сабаб бўлган. Муҳожирлар қудуқдаги сувни олиб истеъмол қилганлар. Қудуқдаги сувнинг таркибида ич терламага олиб келадиган хавфли унсурлар топилган.

Роспотребнадзорнинг раҳбари Геннадий Онищенконинг билдиришича, яшаш шароити ўта абгор шахсий уйда 101 киши истиқомат қилиб келгани ҳам касалликнинг тарқалиш сабабларидан ҳисобланади.

Айни пайтда бозор маъмуриятига меҳнат муҳожирлари фойдаланган қудуқни ёпиб ташлаш буюрилган.

Ушбу ҳодисадан кейин "Заостровка"бозоридаги санитария шароити ва меҳнат муҳожирларининг яшаш жойлари қанчалик талабга жавоб бериши ўрганилаётгани айтилган.

Россияга тирикчилик илинжида Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирлари кўпинча туриш ҳақи арзон уйларда ёки ўзлари мослаштириб олган жойларда яшашни маъқул кўришади.

Бу ҳолат натижасида турли юқумли касалликлар тарқалиши ёки ёнғин каби офатларнинг тез-тез юз бериши кузатилади.

Россиядаги инсон ҳуқуқлари фаоллари ва муҳожирлар билан ишлаш маркази ходимларининг айтишича, бундай ҳолатлар асосан ноқонуний меҳнат муҳожирлари билан содир бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ