Қирғизистонда Ош ва Жалолобод воқеаларининг уч йиллиги хотирланмоқда

Image caption Ўш шаҳридаги хотира маросими "Оналар кўз ёши" ёдгорлиги ўнгида бўлиб ўтди

10 июнда Қирғизистон жанубида рўй берган ва 400 га яқин инсоннинг ўлимига сабаб бўлган қонли воқеаларга уч йил тўлди.

Қирғизистон бўйлаб мамлакат жанубида юз берган мазкур этник можаролар хотирланди.

Би-би-си мухбирининг айтишича, Қирғизистон Бош вазири Жонтўра Сотиболдиев мамлакат жанубига сафар қилган.

У дастлаб Ўш шаҳрида "Оналар кўз ёши" ёдгорлиги ўнгида ўтказилган тадбирда иштирок этган ва сўнгра Жалол-Обод вилоятидаги "Санпа" пахта ишлаб чиқариш корхонаси қаршисида барпо этилган ёдгорлик ўнгида ўтказилган тадбирда қатнашган.

Ўш ва Жалолобод воқеалари муносабати билан "Вечерний Бишкек" газетасида Президент Алмазбек Атамбоевнинг мақоласи чоп этилган.

Давлат бошлиғи "мамлакат жанубидаги фожианинг олдини олиш учун ўша даврдаги муваққат ҳукуматда етарли имконият бўлмаган", дея тан олган.

Лекин Human Rights Watch - Хюман Райс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти билдиришича, Қирғизистонда юз берган қонли низоларга боғлик маҳкамаларда адолат қарор топмаган.

Халқаро ташкилот 2010 йил июн зўравонликлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари кенг миқёсдаги ўзбошимча ҳибслар ва ноинсоний муносабатлар, хусусан, қийноқлар билан кечганини урғулайди.

"Текширилмаган маҳкама залларидаги зўравонликлар ва айбланганларга нисбатан содир этилган бошқа чидаб бўлмайдиган ноҳақ зўравонликлар уларнинг маънили ҳимояга эга бўлишларидан маҳрум этди. Human Rights Watch терговлар қандай қилиб этник Ўзбекларни номутаносиб ва адолатсиз равишда нишонга олганини ва бу гуруҳ ҳибсдалиги пайти қийноқ таҳдидлари остида қолганларини ҳужжатлаштирган", - дейилади янги ҳисоботда.