Тожикистон Ўзбекистонни экологик муаммолар юзасидан ҳамкорликка чақирди

Image caption Талко заводи фаолияти Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари марказида туради

Тожикистон парламентининг раиси Шукуржон Зуҳуров Ўзбекистон парламентига икки мамлакат атроф-муҳитига алоқадор муаммоларни даъволар билан эмас, балки ўзаро музокаралар йўли билан ҳал этишни таклиф қилган.

10 июн куни Ўзбекистон Олий Мажлиси раиси Дилором Тошмуҳаммедовага мактуб йўллаган жаноб Зуҳуров Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманида жойлашган Алюминий Заводи ёки Талконинг Ўзбекистон атроф-муҳитига салбий таъсири кўрсатаётгани ҳақидаги расмий Тошкент даъволари Тожикистон парламентида муҳокама этилганини билдирган.

Жаноб Зуҳуров сўзларига кўра, Талко заводининг атроф-муҳит ва аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётганини илмий жиҳатдан исботлаш учун "махсус жиҳозлар ва малакали мутахассислар" лозим бўлади.

Зеро, унинг ишонишича, аҳоли саломатлигига йўқсиллик, сифатсиз озиқ-овқатлар ва тиббий хизмат даражасининг пастлиги каби омиллар ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Бошқа томондан, Тожикистон парламенти вакиллари, Ўзбекистоннинг Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларида жойлашган саноат корхоналарининг Тожикистон шимолидаги минтақаларга салбий таъсир кўрсатишига ҳам ишора қилганлар.

Тожикистонлик мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларида фаолият юритувчи ушбу корхоналарнинг Тожикистоннинг Суғд вилоятига етказаётган иқтисодий зарари юзлаб миллион долларни ташкил этади.

Тожикистон парламенти аъзолари икки мамлакат ўртасида мавжуд экологик муаммоларга ечим топиш учун халқаро мустақил мутахассисларни жалб этишни таклиф қилган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Талко заводининг Сурхандарё вилояти атроф-муҳитига етказаётган зарари юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига шикоят қилганди.

Бироқ Тожикистон Алюминий Заводи масъуллари Ўзбекистон даъволарини рад этиб, охирги 5 йил ичида атроф муҳитни яхшилаш учун 100 миллион доллар сарфлаганини маълум қилганлар.

Тожикистондаги энг йирик саноат корхонаси ҳисобланган Талко 1975 йилда ишга туширилган.

Тожикистон мустақил бўлгунга қадар ушбу корхонада 7 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаролари ишлаган.

Хорижий матбуот воситаларига кўра, Талко заводидан олинган даромаднинг асосий қисмий ҳозирда офшор ҳисобларига ўтказилади.