ҲРУ: Россия этник ўзбекларни Қирғизистонга топширмасин

Image caption "Россия экстрадитсия амалларини тўхтатсин"

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти Human Rights Watch Россия мулозимларини ҳозир ҳибсда тутиб турилган уч нафар қирғизистонлик ўзбекни Бишкекка топширмасликка чақирган.

Ташкилотга кўра, агар бу учовлон Қирғизистонга топширилса улар қийноққа солинадилар.

19 июн куни маҳкама Ғайратбек Солиевнинг Қирғизистонга экстрадитсия қилиниши ҳақидаги Бош прокурор қарори устидан аризани кўриб чиқади.

Қирғизистон ҳукумати Ғайратбек Солиевни бундан уч йил аввал кечган қонли этник зўравонликларда иштирокчи ўлароқ қатор жиноятларда айблаган.

Яна икки қирғизистонлик ўзбек Бахтиёр Мамашев ва Муҳамадилло Қодиржоновлар ҳам Қирғизистон томонидан шунга яқин айбловлар билан Россиядан эктрадитсия қилиниши сўралмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўлими директори Ҳю Вилямсонга кўра, бу шахслар Қирғизистонда қийноққа тутилиш хавфига доир далиллар керагидан ортиқдир, Россия мулозимларига халқаро қонунчиликка биноан уларни экстрадитсия қилиш мумкин эмаслиги аниқ бўлиши керак.

Қирғизистонлик қораловчиларга кўра, бу уч шахс 2010 йилнинг 12 июн куни мамлакат жанубида бўлишган.

Улар Бишкек-Ўш йўлини тўсиб қўйганлар.

Йўлларга бензин ва мой қуйиб ёқишган, ҳайдовчиларни секинлашга мажбурлашган ва уларга ҳужум қилишган.

Қирғизистонда кечган тергов натижаларига кўра, оқибатда 16 киши ўлдирилган ва яна икки киши бедарак йўқолган.

Айни воқеалар мамлакат жанубида йирик этник зўравонликлар кечаётган маҳалда рўй бергани айтилади.

Зўравонликларда 400 ортиқ инсон ўлдирилган, 2000 га яқин хонадон вайрон қилинган.

Бу каби даҳшатнок жиноятлар ҳар икки миллат ўртасидаги тўқнашувларда рўй бергани айтилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Human Rights Watchга кўра, жабрланганларнинг аксарияти этник ўзбеклар бўлишган.

Human Rights Watchнинг 2010 йилдан 2012 йилга қадар олиб борган тадқиқотларида жанубий Қирғизистонда ҳуқуқ-тартибот ходимлари тергов давомида қийноқлардан кенг қўлланилиши исботланган.

Ташкилотга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан ўзбек миллатига мансуб шахсларни таъқиб қилганлар.

Бу ҳам ўз навбатида айнан ўзбеклар ҳибсхоналарда кўпроқ қийноққа тутилгани ҳақида хабарларни тасдиқлайди.

“Уч йилдан бери ҳеч нарса ўзгармади”

Image caption Маҳкамага тортилганларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Human Rights Watch ташкилотининг ўтган ҳафта чиқарган ҳисоботига кўра, Қирғизистон жанубида 2010 йил июнида рўй берган этник зўравонликлардан уч йил ўтганидан кейин ҳам ўшанда содир этилган жиноятлар учун адолат қарор топгани йўқ ва расмийларнинг жавобгарларни жазога тортиш борасидаги мажбуриятларига содиқлиги шубҳа остида.

Ушбу баёнот Human Rights Watchнинг миллатлараро низоларнинг уч йиллиги арафасида эълон қилган ҳисоботида янграган.

Халқаро ташкилот 2010 йил июн зўравонликлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари кенг миқёсдаги ўзбошимча ҳибслар ва ноинсоний муносабатлар, хусусан, қийноқлар билан кечганини урғулайди.

"Текширилмаган маҳкама залларидаги зўравонликлар ва айбланганларга нисбатан содир этилган бошқа чидаб бўлмайдиган ноҳақ зўравонликлар уларнинг маънили ҳимояга эга бўлишларидан маҳрум этди. Human Rights Watch терговлар қандай қилиб этник Ўзбекларни номутаносиб ва адолатсиз равишда нишонга олганини ва бу гуруҳ ҳибсдалиги пайти қийноқ таҳдидлари остида қолганларини ҳужжатлаштирган", дейилади янги ҳисоботда.

"Қирғизистон ҳукумати 2010 йилдан буён кузатиб келинаётган жараёнлар пайтидаги жанжалли такрорланишлар ва жиноят ишларидаги бошқа инсон ҳақлари поймол этилишига чек қўйиши лозим", деб айтган Human Rights Watchнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Миҳра Риттман.

Март ойи бошларида Россия яна бир ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқароси Хайрулло Абдурасуловни Бишкекка экстрадитсия қилган эди.

Хавфсизлик хизматлари 29-ёшли Хайрулло Абдурасулов 2010 йилнинг июнь ойида Ўш шаҳри ва вилоятида содир этилган оммавий тартибсизликлар чоғи ҳокимият вакилларига қурол билан қаршилик кўрсатгани ва одамларни миллий тўқнашувларга чақирганини айтишади.