ЮНЕСКО Жаҳон Мероси рўйхатига Марказий Осиё тоғларини киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шинжондаги Тиёншон тизмалари

БМТнинг маориф, илм-фан ва маданият бўйича бўлими ЮНЕСКО Жаҳон Мероси деб ҳисобланиши лозим бўлган жойлар рўйхатини кенгайтирган.

Камбоджанинг Пномпен шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО мажлисида дунёдаги ўзининг табиий гўзалликлари билан ажралиб турадиган масканлар танланган.

Энди ЮНЕСКОнинг беқиёс гўзаллик ва маданий қадриятга эга бўлгани учун Жаҳон Мероси рўйхатига киритилган жойлар сони 960 дан ошган.

Тожикистоннинг Помир тоғи ана шу рўйхатга киритилган сўнгги жойлардан бири бўлган.

ЮНЕСКО баёнотида Тожикистон ҳудудининг 18 фоизини ташкил этадиган кўп асрлик музликлар ва баланд тоғликлардаги кўллари туфайли Тожикистон Миллий Парки Жаҳон Меросидан ўрин олган.

ЮНЕСКО Помирнинг 7000 метрдан баланд бир неча чўққилари мавжудлиги, бу тоғнинг айрим жойларига инсон қадами етмаганини урғулайди.

Ҳудудда 1085 та кўп асрлик музлик, 170 дарё ва 400 дан ортиқ кўллар мавжудлиги эслатилади.

Хитойнинг Шинжонидаги Тиёншон тоғ тизмаларидаги Томур, Қалажун-Куэрденинг, Байинбукуке ва Боғда деб аталган чўққилар атрофидаги жами 606833 гектар майдонни ЮНЕСКО бетакрор жўғрофий хусусиятлари ва чиройли манзаралари учун ўз рўйхатига киритган.

Кўп асрлик совуқ музликлар қуруқ ва иссиқ саҳрога туташиб кетгани, бу жойларнинг экотизими биологик ва экологик аҳамиятга эга экани таъкидланган.

ЮНЕСКО рўйхатига Япониядаги Фужи тоғи ҳам киритилган.

3776 метрлик баланд Фужи тоғи Япония маданий ва диний ҳаётида муҳим ўрин тутиши айтилади.

Италиядаги Этна тоғидаги камида 2700 йилдан буён актив вулқон ҳам ЮНЕСКО эътиборига тушган.

Шунингдек, Намибиядаги Намиб Қум денгизи, Мексикадаги El Pinacate ва Gran Desierto de Altar Biosphere ҳавзаси, Кениядаги Кения Тоғи Табиий парки Африкадаги филлар кўпайишида муҳим бўлгани учун БМТ жамғармаси рўйхатига олинган.