Тожикистон Президенти тинчликни сақлаб қолиш учун камроқ танқид қилишни сўради

Image caption Имомали Раҳмон Тожикистонни қарийб 22 йилдан буён бошқариб келади.

Имомали Раҳмон Ер юзидаги тинчликни сақлаш ҳаққи мамлакатдаги вазиятни камроқ танқид қилиш кераклигини айтди.

Тожикистон Президенти бу ҳақда маҳаллий партия ва оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилиб, улар ўз масъулиятларини ҳар доим ёдда сақлашлари кераклигини урғулади.

Жаноб Раҳмонга кўра, сиёсий фирқалар ва журналистлар Ер юзидаги тинчлик учун жамиятдаги барқарорлик тўғрисида ўйлашлари лозим.

"Дунёдаги мураккаб шароитда мамлакатимиз ишонч билан олға боришида миллий бирлик, тинчлик, барқарорлик сув каби зарур,-деган Имомали Раҳмон мамлакатда беш йиллик фуқаролик урушининг тугашига бағишланган маросимда сўзга чиқиб.

Жорий йилнинг ноябр ойида Тожикистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак.

Шу сабабли мамлакатни 22 йилдан буён бошқариб келаётган Раҳмонга қарши мухолиф томонидан танқидлар янграмоқда.

Президентнинг ўзи яна етти йиллик муддатга бошқариш учун сайловларда иштироки ҳақида айтмаган, лекин таҳлилчилар унинг қатнашишига умуман шубҳа қилишмайди.

Шу билан бирга пойтахтда ўтган Миллий Бирдамлик кунида 64 нафар жуфтлик никоҳ ришталарини боғлашгани хабар қилинади.

Душанбе шаҳар ҳокими Маҳмасаид Убайдуллаев кам таъминланган оила вакиллари билан учрашиб, никоҳ маросимини қандай ўтказилишини маслаҳатлашган.

Бирдамлик куни арафасида Душанбе истироҳат боғида 221 бола суннат тўйи ўтказилган. Болаларга бепул зиёфат қилиб бериб, совғалар улашилган. Ҳар бир тўй бола учун очилган ҳисоб рақамида 1 минг сомони пул бор.

Давлат телевидениеси орқали давлат моддий кўмак берган одамлар президентга раҳматлар айтишган.

Бироқ мухолифатнинг ишонишича, қилинаётган бу саҳоватлар халққа қайишиш эмас, балки бўлажак сайловлар олдидан бир ниқоб холос.

Бу мавзуда батафсилроқ