Москва: муҳожирлар ётоқхонасидаги жанжалда 60 киши ушланган

Image caption Охирги пайтларда Россиянинг муҳожирлар яшаб келган жойларда рейдлар ўтказиш ва ҳибсга олишлар кучайган.

Москванинг шимоли-ғарбидаги ётоқхонада келиб чиққан оммавий тартибсизликдан кейин 60 га яқин киши полицияга олиб кетилган, деб хабар беради Россия Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Унда айтилишича, ётоқхонадагиларнинг ҳужжатларини текширишга жалб қилинган жамоатчилик ташкилоти вакиллари билан муҳожирлар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.

Ички Ишлар матбуот хизмати маълумотига кўра, меҳнат муҳожирларига текширувчиларнинг ҳаракати ёқмаган ва жанжал юзага чиққан.

Муштлашув 28 июн кечқурун Фабрициус кўчасидаги ётоқхонада содир бўлган.

Воқеа жойига келган полиция 35 меҳнат муҳожири ва 25 фаолни сўроқ учун олиб кетган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг билдиришича, муҳожирлар кўнгиллилардан иборат "Москва қалқони" ҳаракати вакиллари билан муштлашишган.

Хабарларга қараганда, ётоқхонада яшовчилар Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирлари бўлиши мумкин.

Кейинги пайтларда Россиядаги муҳожирлар гуруҳ бўлиб яшаб келган жойларда рейдлар ўтказиш кучайтирилган кузатилади.

Бир кун олдин ҳам ноқонуний яшаб келгани айтилган 1 минг 400 муҳожир ҳибсга олинган эди.

Полиция Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган 1314 кишига нисбатан мамлакатга ноқонуний равишда кириб келиш ва яшаш қоидаларини бузишда маъмурий иш қўзғатаётганлигини билдирган.

Олдинроқ Москва вилояти полицияси Россияда яшашга қонуний ҳужжати бўлмаганларни ушлаб, кўчалардан маҳбусларга ўхшатиб олиб ўтгани турли фикрларга сабаб бўлганди.

Россия ҳукумати шу йўл билан ноқонуний муҳожирларни мамлакатга кириб келишини чеклашга ҳаракат қилаётганини айтади.

Фаолларга кўра эса, Россияда бугунги кунда меҳнат муҳожирларига нисбатан пайдо бўлган кайфият ва муносабат уларнинг ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир.

Бундан аввал Россия Президенти Владимир Путин ноқонуний миграцияга нисбатан жазони кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Москва Ички ишлар бўлими ҳам фуқароларга ноқонуний муҳожирлар яшаб, ишлаб келган ва тўпланадиган жойлар ҳақида хабар беришни сўраб мурожаат қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ