Хитой ҳукумати Шинжон Уйғуристонида ҳарбийларни кўпайтирмоқда

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хитой ҳукумати июн ойининг сўнгги ҳафтасида кузатилган зўравонликлар ортидан Шинжон Уйғуристонида хавфсизлик чораларини кучайтираётганини айтмоқда.

Давлат матбуоти жума куни 100 дан ортиқ мотоциклларга минган ва пичоқлар билан қуролланган оломон Хўтан шаҳридаги полиция идорасига ҳужум қилди, дея хабар тарқатган.

Бироқ муҳожиротдаги Уйғурлар ҳужум ҳақидаги хабарни рад этадилар.

26 июн чоршанба куни эса Хитойнинг давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари Луқчун шаҳрида диний-экстремистик руҳдаги видеоларни томоша қилган оломон хавфсизлик кучлари ва идораларига ҳужум қилганлари ва у ерда 35 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Пекиндаги ҳукумат мажлисида Хитой Президенти Ши Жинпинг зўравонликлар учун масъулларни бостиришга буйруқ берган.

Синхуа ахборот агентлиги Хитой Коммунистик партияси раҳбарларидан Ю Женгшенг сўзларидан иқтибос келтиради, у Хитой "террорчи ҳужумларга қаттиқ зарба бериши лозим", деб айтган.

Коммунистик фирқанинг икки юқори мансабдаги аъзоси Шинжон Уйғуристони маркази Урумчига юборилган.

Урумчида маҳаллий аҳолини тинчланишга ва огоҳликка чақирган Ю Женгшенг зўравон жиноятларни содир этганлар қаттиқ жазоланади, деб айтган.

Шанба куни Урумчи шаҳри кўчаларида ҳарбий машқлар ташкил қилинган.

Урумчи марказининг жуда катта қисми бекитиб қўйилган, кўчаларга танклар ва армиянинг қуролли ҳарбийлари жойлаштирилган.