Президент Назарбоев: 'Бизга қандай яшашни ўргатманг!'

Image caption Қозоғистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи жаноб Кэмеронга 1 миллиард доллардан кўпроқ савдо шатрномаларини имзолашга халақит бермаган

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳеч кимнинг ўзларига ақл ўргатишга ҳаққи йўқлигини айтган.

Жаноб Назарбоев бу ҳақда Британия Бош Вазири Девид Кэмерон Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариши ортидан гапирган.

Девид Кэмерон Қозоғистонга сафар қилган биринчи амалдаги британ бош вазири бўлган.

Унинг ўтмишдоши Тони Блэйр нефтга бой Қозоғистон раҳбарининг сиёсий маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилади.

'Тавсиялар учун раҳмат!'

Жаноб Кэмерон Британия Қозоғистон билан савдо алоқаларини инсон ҳақларидан устун қўяётгани ҳақидаги танқидларни рад этган.

Президент Назарбоев билан учрашувда ҳеч бир масала кун тартибидан тушиб қолгани йўқ. Масалан, мен жаноб Назарбоев билан Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти мактубини, ундаги хавотирларни мубоҳаса этдик. Бу каби очиқ мулоқот жуда муҳим", - деб айтган Британия бош вазири Остонадаги қозоқ президентининг саройида ўтган матбуот анжуманида.

Ўтган жума йўлланган мактубда Нью Йоркда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистонда Президент Назарбоев танқидчиларининг қийноққа солиниши ва қамоққа ташланиши, шунингдек, матбуот ва фикр эркинлигининг чекланаётганидан ташвиш изҳор қилган эди.

Human Rights Watch жаноб Кэмерондан Президент Назарбоевни инсон ҳақларини поймол этиш ҳолларига чек қўйиш ҳақида огоҳлантиришни сўраган.

Аммо Қозоғистон раҳбари инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ тавсияларга совуқ жавоб қайтарган.

"Тавсиялар ва маслаҳатлар учун раҳмат, аммо ҳеч кимнинг бизга қандай яшашни ўргатишга ҳаққи йўқ",- деган Қозоғистон раҳбари.

Жаноб Назарбоевга кўра, ғарбликлар Қозоғистон ҳақида нотўғри тасаввурга эга.

"Сизнинг оролдаги одамлар собиқ совет ҳудудида яшаётганларни ўрта асрлардаги от ва туяда юрадиган одамлар деб тасаввур қилишади", - деган Нурсултон Назарбоев.

Унинг айтишича, Қозоғистонга демократияни ривожлантириш учун хали анча вақт керак бўлади.

"Британиянинг парламент демократияси 600 йиллик тарихга эга. Албатта, бизники унчалик кўп вақт олмайди. Биз учун демократия йўлнинг бошланиши эмас, балки тугашидир. Биз олдинга қараб ҳаракат қилаяпмиз",- деб айтган жаноб Назарбоев.

Стратегик ҳамкорлик

Қозоғистон Британия билан "Стратегик ҳамкорлик ҳақида"ги шартномани имзолаган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Остонадаги маросимда жаноб Назарбоев ушбу шартнома ва британ бош вазирининг ташрифи икки давлат ўртаисдаги муносабатларда янги саҳифа очишини айтган.

"Бугун биз стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартномани имзоладик. Бу шартнома нафақат ҳамкорлик истиқболлари, балки муносабатларимизни бутунлай янги даражага кўтариш учун сиёсий ироданинг ҳам мавжудлигини кўрсатади", деб айтган Қозоғистон раҳбари.

Британия бош вазирининг Қозоғистонга қисқа ташрифи мобайнида икки давлат ўртасида 1 миллиард доллардан кўпроқ қийматга эга савдо ва тижорат келишувлари имзоланган.

Кэмерон ва Назарбоев Каспий денгизи бўйидаги йирик нефт ва газни қайта ишлаш мажмуини очиб беришган.

Ушбу мажмуа Оврўпо давлатлари учун янги ва ишончли энергия манбаъи бўлиши кутилади.

Британия бош вазири Қозоғистон дунёнинг шиддат билан ривожланаётган иқтисодларидан бири эканини таъкидлаган.

"Дунёда иш ўринлари ва сармоялар учун глобал пойга кетмоқда. Қозоғистон эса дунёнинг энг тез ривожланаётган давлатларидан биридир", - деган жаноб Кэмерон.

Бу мавзуда батафсилроқ