Қозоғистонлик расмий журналистни сўкди

Image caption Қозоғистонлик расмий ҳамманинг кўз ўнгида журналистни сўкиб солди.

Қозоғистон Миллий Космос Агентлиги раҳбари Талғат Мусабаев матбуот камералари ўнгида журналистга қўпол муаомалада бўлди.

Интервью олиш учун қулай жойни кўрсатган журналистни сўкиб, қўли билан силтаб ташлагани акс этган видео Интернет орқали нашр этилган.

Сўкиниш сўзлари билан "кўзимдан йўқол," - дея ҳақорат қилган Фазо агентлиги раҳбари, "Индамасам, бошимга чиқиб оласан", дея пўписа ҳам қилган.

Сўкиш эшитган КТК журналисти Ербол Сеилхан, "мен сизга қаерда туриш кераклигини кўрсатмоқчи эдим холос", - дея берган изоҳига қарамай фазогир ва амалдор Мусабоев ғазабидан тушмаган.

"Сен кимсанки, менинг қаерда туришимни кўрсатасан", дея дағдаға қилган жаноб Мусабоев овозини янада баландлатиб.

Ушбу ҳодиса Фазо Агентлиги раҳбари Россиянинг Протон-М ракетасининг Бойқўнғирда қулаб тушиши ортидан бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишидан сўнг журналистлар олдига интервю бериш учун чиққан вақти рўй берди.

Амалдорнинг ўзини бундай тутиши, интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

"Сен кимсанки, журналистга "сен" дея мурожаат қиласан. Мабодо у сенинг жиянинг ёки дўстинг бўлган тақдирда ҳам сен ҳам у ҳам ишдасизлар. Ўзингни шунга мослаб тут. Қовоқхонада пиво ичиб ўтирганда туртасан", - дея муносабат билдирган Бакр исмли фойдаланувчи.

"Қалбни қимматбаҳо костюм ортига яшириб бўлмайди", - деган Жанибек Тракбаев номли ўқувчи.

Сўкиш эшитган журналист Ербол Сеилхан амалдорни маҳкамага бермаслигини маълум қилган.

"Бу вазиятда жанжаллашиб кетмаслик учун ўзимни тутишга ҳаракат қилдим. Болалигимда Мусабаевни ҳурмат қилардим, орзум эди", - деган журналист tengrinews.kz сайтига.

Талғат Мусабаев собиқ фазогир ҳам. У бир неча марта фазога учган ва халқ қаҳрамони унвонини олган.

Қозоғистонда журналистлар ва амалдорлар ўртасида бунга ўхшаш ҳолатлар олдин ҳам учраган.

Журналист ва жамоат фаоли Андрей Цуканов 26 апрель куни Қозоғистоннинг собиқ энг ёш вазирларидан бири, Меҳнат ва Ижтимоий ҳимоя вазири Серик Абденовга матбуот анжуманида хом тухум улоқтирган эди.

Журналист вазир томонидан ҳимоя қилинаётган нафақа борасидаги қонунчиликка шу тариқа норозилик билдирган.

Ўшанда вазир мулойимлик билан журналистлардан кетиб қолмасликни сўраган ва кийимини алмаштириб чиқиб матубот анжуманини давом эттирган. Журналист тартибни бузгани учун 7 сутка қамалган.

Кейинроқ президент Назарбоев Абденовни вазирлик лавозимидан бўшатган эди.

Расмийлар нима учун журналистларни ҳақорат қилишни ўзларига эп кўрадилар? Бу ҳолат не қадар кенг тарқалган, деб ўйлайсиз?