Халқаро аудит: 'ТАLCО экологик хавфсизлик тизими стандартларга мос'

Тожикистондаги алюминий корхонаси ТАLCО томонидан чиқарилган матбуот баёнотида айтилишича, шу кунларда ниҳоясига етган мустақил аудит гуруҳи хулосаларига кўра, ширкат экологик хавфсизлик тизими халқаро стандартларга мувофиқдир.

Лекин Ўзбекистон чегарасига яқин Турсунзода шаҳрида жойлашган ва жаҳондаги энг йирикларидан ҳисобланган ушбу корхонанинг атроф муҳитга етказаётган зарари ҳақида Ўзбекистон томони кўпдан бери бонг уриб келади.

Бу масала яқинда Лондондаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан уюштирилган анжуманда алоҳида кўтарилган эди. Ана шу манзарада аудит гуруҳ хулосаларини қандай талқин қилишимиз мумкин?

ТАLCО таклифи билан ширкат фаолиятини ўрганган халқаро (Франция, Литва, Қозоғистон ва Олмония вакилларидан ташкил топган) мустақил аудит гуруҳи аъзоси Анна Жолумбетованинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, корхона ўз маҳсулотларини ташқи бозорда сотаётгани ва хусусан, Лондон молия биржасида ҳиссалари сотилиши боис ширкат нафақат экологик жиҳатдан балки, бошқа жиҳатлардан ҳам халқаро меъёрларга не қадар мослигини аниқлаш эҳтиёжи туғилган.

Анна Жолумбетова: Бу аудит ширкат ана шу стандартларга мос келишга ҳаракат қилаётганлигини намойиш этиш учун муҳим эди. Албатта, ТАLCО мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги экологик вазиятни яхшилаш йўлида ҳали кўп ишлар қилиши керак. Лекин ширкатнинг бу стандартларга эришиш йўлида қадамлар қўя бошлагани ва бу мақсадда тизимларни яхшилай бошлаганининг ўзи катта ижобий ҳолдир.

Би-би-си: Экологик вазиятни яхшилаш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак, дедингиз, айнан нималар ва қайси соҳада қилиниши кераклигини айтиб бера оласизми?

Анна Жолумбетова: Афсуски биз ўз номимиздан бу хулосаларни ошкор эта олмаймиз. Гап шундаки, бизнинг хулосаларимизнинг ҳаммаси ширкат эгалигидаги нарсадир. Лекин умумий тарзда шуни айтишим мумкинки, аудит гуруҳи ўзи текширув олиб борган стандартларга ТАLCО ширкати мос эканлиги ҳақида хулосага келган.

Би-би-си: Бу аудитни бошлашдан аввал ТАLCО фаолиятининг атроф муҳитга етказаётган зарари ҳақида қўшни мамлакатлар томонидан изҳор этилаётган хавотирлардан бохабар эдингизми ва уларга эътибор қаратдингизми?

Анна Жолумбетова: Ҳа албатта бунга эътибор қаратилди. Аудит гуруҳининг етакчи мутахассиси корхона атрофидаги экологик муҳитни мухофаза қилиш йўлида нималар қилаётганлиги билан яқиндан танишиб чиқди. Ушбу корхона жойлашган ерга чегарадош мамлакатлар даъволарига эътибор қаратилди. Албатта корхона 70- йилларда, Совет Иттифоқи ягона ҳудуд ҳисобланган вақти қурилган бўлгани учун бу соҳада сақланиб қолган саволлар мавжуд. Лекин ҳозирги кунда ТАLCО бу муаммоларни ечиш йўлида қадамлар қўймоқда ва улар бизга буни намойиш қила олдилар.

Image caption Ўзбекистон томонига кўра, ТАLCО ҳар йили ҳавога ўртача 22-23 минг тонна заҳарли модда чиқармоқда.

Би-би-си: Қадамлар қўйиш тизим мутлақо стандартларга мос келади, деганини англатмайди, шундай эмасми?

Анна Жолумбетова: Йўқ албатта. Мен яна бир марта таъкидлаб айтаман бу фақатгина йирик муаммони ечиш йўлида қўйилган биринчи қадам. Буни ечиш учун улкан молия керак. Лекин атроф муҳитга чиқарилаётган зарарли моддаларни ҳеч бўлса камайтириш йўлида ҳаракат қилинаётганини ширкат бизга намойиш қила олди. Асосан ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни ҳеч бўлмаса камайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Би-би-си: Яқинда Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида ТАLCОнинг атроф муҳитга етказаётган зарари муаммоси кўтарилиб, унда ширкат йилига ҳавога 23 минг тонна зарарли модда чиқараётгани айтилди. Сиз ҳам шундай хулосага келдингизми?

Анна Жолумбетова: Айнан экологик жиҳатдан етказилаётган зарар ҳақидаги рақамларни мен сизга бера олмайман. Бизнинг аудитимизнинг мақсади атроф муҳитга чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдорини назорат қилиш эмас, ширкат стандартларга эришишга ҳаракат қиляптими-йўқлигини аниқлаш эди. Бу стандартларда атроф муҳитга қанча заҳарли модда чиқарилиши мумкинлиги айтилмаган. Бу моддалар 23 тонна бўлиши ҳам мумкин, ёки ундан ҳам кўпроқ. Лекин бу борада бошқа чора амаллар ижро этилаётган бўлса ва стандартларга мувофиқ бўлса ана шуниси назарга олинади. Инсоний нуқтаи назардан бу рақамлар бошқача қабул қилиниши мумкин, лекин стандартлар бу бошқа нарса. Биз аниқлаган стандартларда мана бунча заҳарли модда чиқариш мумкин, деб айтилмаган. Балким бу талаблар бошқа бир стандартларда келтирилгандир, лекин биз текширув ўтказган стандартлар бўйича бу каби рақамлар йўқ эди.

Би-би-си: ТАLCО ширкати чиқарган матбуот баёнотида "экологик хавфсизлик тизимига мос келиши ҳақида хулоса берилди", деб айтилган. Сиз ҳали кўп ишлар қилиниши керак деяпсиз. Демак баёнотдаги ибора оширилганми?

Анна Жолумбетова: Аудит вақтида илгари суриладиган қатор талаблар бор. Экологик бошқарув тизими стандартида нима дейилган? Унда айтилишича, ширкат атроф муҳитга чиқарилаётган заҳарли моддаларни назорат қилиши керак дейилган. Уларни камайтиришга ҳаракат қилиши керак дейилган. Ана шу жиҳатдан матбуот баёнотида ҳамма нарса тўғри ёзилган. Чунки улар юқорида айтиб ўтганларимни қилишяпти, назорат қилишяпти ва камайтиришга ҳаракат қилишяпти. Биз сертификатни бераётганимзда ана шу жиҳатларни эътиборга олганмиз.

Ўзбекистон даъволари

Image caption Жаҳондаги энг йирик алюминий ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланган TALCO Ўзбекистон билан чегарага яқин Турсунзода шаҳрида жойлашган.

Ўзбекистон жамоатчилиги Ўзбек-Тожик чегарасидаги дунёдаги энг йирик алюминий ишлаб чиқариш корхонасининг инсонлар саломатлиги ва наботот оламига салбий таъсири ҳақида 1990-йиллардан буён огоҳлантириб келади.

Жумладан Ўзбекистон парламентида махсус мақомга эга бўлган Ўзбекистон Экологик Ҳаракати завод атмосферани заҳарли чиқиндилар билан заҳарламоқда, дея бонг урган.

Бир неча йил олдин ТАLCО таъсирига қарши маҳаллий аҳоли Экологик Ҳаракат ташаббуси билан норозилик чиқишларини уюштирганди.

2013йил май ойида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчилиги Буюк Британиядаги журналистлар ва тадқиқотчилар учун Тожикистон Алюминий заводининг Ўзбекистон атроф-муҳитига таъсирига бағишланган брифинг ташкил қилган эди.

Брифингда айтилишича, ТАLCО атроф-муҳитга чиқараётган саноат чиқиндилари туфайли чегарадош ҳудудларда, яъни Ўзбекистоннинг жанубий Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой ва Жарқўрғон туманларида яшайдиган бир миллиондан ортиқ аҳоли зарарли таъсир остида қолган.

Тожикистоннинг Турсунзода шаҳрида жойлашган ТАLCО заводи 1975 йилда ишга тушган ва ўзбек мутахасисларнинг фикрича, бугунга келиб технологиялари эскирган, бироқ шунга қарамасдан корхона фаолият юритмоқда.

ТАLCО ҳар йили ҳавога ўртача 22-23 минг тонна заҳарли модда чиқармоқда, деб огоҳлантиришади ўзбек расмийлари.

Бундан ташқари, ўзбек расмийларининг билдиришича, заводнинг заҳарли чиқиндилари Сурхондарё вилоятидаги бир неча туманларда истиқомат қиладиган аёлларининг репродуктив саломатлигига хавфли таъсир кўрсатмоқда, чақалоқларнинг ногирон ва ўлик туғилишларига сабаб бўлмоқда.

Завод Тожикистон валюта даромадининг тўртдан уч қисмини ташкил этади ва минглаб ахолини иш билан таминлагани сабаб ички иқтисодда муҳим ўрин тутади.

Бироқ Тожикистон Ўзбекистон расмийларининг ТАLCО борасидаги хавотирларини рад этиб келади, расмий Тошкентнинг даъволарини "сиёсийлашган" деб атайди.

Бу мавзуда батафсилроқ