Додожон Атоулло Москва аэропортида қўлга олиниб Прагага жўнатилган

Россиядан олинган хабарларга кўра, Тожикистон мухолифатнинг таниқли вакили Додожон Атоулло Москвадаги "Шереметьево" аэропортида қўлга олинган ва бир муддат ушлаб турилганидан кейин Прагага қайтарилган.

У аввалроқ Прагадан Москвага учиб борган эди.

Россия чегарачилари Додожон Атоуллони ушлаганлар, бироқ унинг ўзига ушлаш сабаби нимадалигини тушунтирмаганлар.

"Атрофимда чегарачилар у ёқ-бу ёққа чопиб юришипти", деб айтган у.

57 ёшли Додожон Атоулло мухолифатдаги "Ватандор" ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг раҳбаридир.

У 1991 йилда Тожикистонда илк мустақил ва энг оммабоп газета - "Чароғи рўз"ни таъсис этган.

Додожон Атоулло Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга қарши кескин танқидий чиқишлари ва мақолалари билан танилган.

Араб инқилоблари ортидан жаноб Атоуллоев Тожикистонда "бинафша инқилоби" юз бериши ва Имомали Раҳмонни барча диктаторлар қисмати кутаётганини айтиб чиққан.

Яқинда у Президент Раҳмоннинг ўғли Рустами Раҳмоннинг никоҳ тўйи видеосини ўзининг шарҳлари билан Интернетда эълон қилди.

Бу видео қисқа вақт ичида YouTube порталида кўп томоша қилинадиган видеолардан бирига айланди.

2012 йил январида Москвада Додожон Атоулло пичоқлаб кетилган, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган эди.

Ўзига қилинган ҳужум учун у Тожикистон ҳукуматини айблаган.

Бу мавзуда батафсилроқ