Тожикистонлик заргарлар Гиннес рекордлар китобига киришмоқчи

Тожикистонлик заргар-ўймакор Михаил Галановнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, тез орада халқаро Гиннес қўмитасига бир эмас, иккита ариза топширишмоқчи.

Унга кўра, кумушдан рекорд нусхадаги кабинет соати ва елканли ҳарбий фрегат ясашмоқчи.

Тожикистонлик заргарнинг сўзларидан аён бўлишича, "Ҳисор -3000" соати 990 пробали кумушдан ясалган, оғирлиги 3 минг каратдан ортувчи 3.000 дона ярим қимматбаҳо аметист тоши ўрнатилган, умумий вазни 93 кг 300 граммни ташкил этувчи дунёдаги ягона заргарлик буюми бўлади.

Унинг айтишича, соат заргарлик буюмлари сирасига киргани учун ҳам, Гиннес рекордлар китоби Санъат бўлимининг Заргарлик қисмига мос тушади.

Тожикистонлик заргарга кўра, Гиннеснинг рекордлар китобига киритишни режалаётган иккинчи буюмлари эса, елканли ҳарбий фрегатдир.

"Ҳисор" ҳақиқий ҳарбий фрегатнинг дунёдаги ягона 75 марта кичрайтирилган асл нусхаси бўлади. У ҳам мутлақ 990 пробали кумушдан ясалади", дейди биз билан суҳбатда Михаил Галанов.

Ариза

Тожикистонлик заргарнинг айтишича, ҳар икки аризани ҳам имкон туғилиши биланоқ халқаро Гиннес қўмитасига топширишмоқчи.

"Ҳисорнинг 3000 йиллик тантаналарини уюштирувчи ташкилий қўмита бор. Бу иш билан бевосита шуғулланаётган одамлар бор. Менга эса, шу ишни ташкиллаштириш юкланган. Маҳаллий оммавий-ахборот воситалари бизнинг мақсадимиздан барчани огоҳ этишлари билан биз ҳам ўз аризамизни топширамиз", дейди у.

Унинг айтишича, рекорд нусхадаги ҳар икки буюм ҳам маҳаллий заргарлар ва мутлақ маҳаллий маҳсулотлардан тайёрланади.

"Дейлик, Душанбеда ўрнатилган дунёдаги устуни энг баланд байроқ хорижда ишланган. Қозон эга бўлган жаҳондаги энг йирик "Қуръон"ни италияликлар тайёрлашган. Биз эса, уларни Ҳисорда, маҳаллий заргарлар ўзимиз Тожикистоннинг ўз кумуши ва ярим қимматбаҳо тошларидан ясамоқчимиз. Бу ҳам ўзига хос бир жиҳати", дейди Михаил Галанов.

Заргарнинг сўзларидан аён бўлишича, бу икки лойиҳанинг умумий баҳоси 700-800 минг АҚШ долларига бориши мумкин.

"Биз уни молиялаш ишларини Ҳисор тумани ҳокимияти ва ўзи ҳам асли ҳисорлик бўлган мамлакат Бош вазири муовини Муродали Алимардон билан биргаликда амалга оширмоқчимиз", дейди у.

"Ўзингиз ўйлаб боқинг, энг баланд устунли байроқ Тожикистонга 32 миллион долларга тушган. Ҳам соат ва ҳам фрегатнинг умумий қиймати эса, 700-800 минг АҚШ долларидан ортмайди. Устига устак, халқаро Гиннес рекордлар қўмитасининг сертификатига эга бўлган ҳар қандай буюм кимошди савдосига қўйилса, нархи осмон баробар кўтарилиши мумкин".

Ҳозирликлар

Михаил Галановнинг айтишича, аллақачон уларнинг эскизларини чизиш, техник таснифларини ёзиш ишларини бошлаб юборишган.

Аён бўлишича, рекорд нусхадаги соат Ҳисор қалъаси шаклида бўлади. Қалъа бош дарвозаси тепасидаги аркда ўрнатилувчи механик соат эса, "Павел Буре" ширкатидан сотиб олинади.

Соатнинг асоси эса, кумуш ва ложуварддан ишланган саккиз қиррали пирамида ташкил этади.

Тожикистонлик заргарга кўра, ўз аризаларини халқаро Гиннес қўмитасига топширгандан сўнг, 7-8 ой ичида ҳар икки заргарлик буюмини ҳам тайёрлашга муваффақ бўлишади.

Унинг айтишича, бу - ўзларининг шахсий ташаббуслари бўлмай, унинг ташаббускори шахсан Тожикистон Бош вазири муовини Муродали Алимардондир.

Тожикистон бундан аввал пойтахт Душанбеда дунёда устуни энг баланд байроқ ўрнатиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киришга муваффақ бўлган.

Марказий Осиёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири эканига қарамай, ҳозир жаҳондаги энг йирик чойхонани қуриб битказиш арафасида.

Агар, тожик ҳукумати қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи битса, дунёдаги энг баланд тўғон ҳам Тожикистонда бўлади.

Яқинда мармарли биноларининг сони бўйича қўшни Туркманистон ҳам Гиннеснинг рекордлар китобига киришга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик ошпазлар эса, рекорд тоннадаги палов пишириб, бунга муваффақ бўлиш режасидалар.

Бу мавзуда батафсилроқ