Чегарадаги талафот: Қирғиз томони кечирим сўраганини рад этди

Image caption Ўзбек ва қирғиз чегарачилари орасида тўқнашувлар тез-тез бўлиб туради

Ўзбекистон ҳукуматига яқин podrobno.uz сайти хабар қилишича, расмий Бишкек ўз чегарачилари ноқонуний тарзда ўзбекистонлик икки ҳамкасбини отиб ўлдирганини тан олган ва ўзбек томонидан кечирим сўраган. Бироқ, Би-би-си билан суҳбатда Қирғизистон Давлат Чегара хизмати бу хабарни буткул рад этди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматларининг маҳаллий вакиллари 23 июлда юз берган ҳодиса борасида айни куни учрашув ўтказганлар. Қирғизистон чегара хизматининг расмий баёнотига кўра, Ўш ва Жалол-Обод вилоятлари бўйича масъул Абдикарим Алимбаев Ўзбекистон чегара хизматининг "Восток" бошқармаси раҳбари Ойбек Қосимов билан учрашган.

Учрашув чоғида томонлар ҳодиса борасидаги ўз версиялари билан ўртоқлашганлар ва икки томон прокуратуралари ёрдамида ҳодисани тергов қилишга келишиб олганлар.

Бу учрашувда қирғиз томони расман кечирим сўрагани борасидаги хабарларни Қирғизистон чегара хизмати "ҳақиқатга мос келмайди" дея баҳолади.

Унга кўра, Ўзбекистон чегарачилари қирғиз чегарачиларига қарата биринчи бўлиб қуролни қўллаганлар.

Қирғиз тарафи ҳодиса тафсилотлари тўла тергов қилинмагунча, ўзбек томонини ҳар қандай айбловлардан ўзини тийишга чақирган.

Қарама-қарши айбловлар

Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ва Қирғизистоннинг Жалол-обод вилояти туташган чегарада икки мамлакат чегарачилари ўртасида отишма рўй берган.

Оқибатда бир ўзбек чегара қўриқчиси отишма жойида ҳалок бўлган, яна бир чегарачи кейинроқ шифохонада оламдан ўтган. Қирғизистон томонидан талофатлар бўлмаган.

Ҳам Қирғизистон ва ҳам Ўзбекистон томони қўшни мамлакат чегарачиларини ўз ҳудудларига ноқонуний кириб келганликда айблаган.

Қирғизистон чегарачиларига кўра, Жалолобод вилоятининг Ахси туманидаги Жетизагара деб номланган чегара қисмида чегарачилар икки Ўзбекистон чегарачисини кўриб қолганлар.

Қирғиз чегарачилари ўзбек чегарачиларига ўзларининг ҳудудларига ўтмасликни сўраганлари, шундан кейин ўртада даҳанаки жанг бошланганини хабар қилган Қирғизистон Чегара қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Қирғизистон Бош вазирининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва чегара масалалари бўйича ўринбосари Тоқон Мамитов фожеали ҳодисани шарҳлар экан, у ўзбек чегарачиларининг айби билан содир бўлган, деб айтган.

Мамитовга кўра, Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг ҳудудига 5 метр кириб борганлар.

Қирғизистон Чегара қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига кўра, Ўзбек чегарачилари биринчи бўлиб ўқотар қуролни ишга солганлар.

Ўзбекистон Интернет-нашрлари тарқатган хабарларга кўра, Қирғиз чегарачилари Ўзбекистоннинг Наманган вилоятига тегишли ҳудудга кириб келганлар.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага таяниб тарқатилган хабарларда қонли ҳодисада "ҳар доимгидек маст қирғиз чегарачилари айбдор" экани айтилган.

"Тиш-тирноғигача қуролланган қирғиз ҳарбийлари Ўзбекистон ҳудудига кириб келганлар ва ҳеч бир сабабсиз Ўзбекистон чегара нарядига қарата ўт очдилар", деб айтган ўзбек ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба.

Қирғизистон Чегара хизмати раисининг ўринбосари Искандер Мамбеталиев чегарачилар маст бўлгани ҳақидаги хабарни рад этган, бунга маҳаллий аҳоли гувоҳ деб айтган.

Ўзбек-Қирғиз чегарасида чегарачилар ўртасидаги қуролли ҳодисалар тез-тез юз бериб туради.

Кўпинча томонлар қўшниларини ноқонуний амалларда айблаб чиқадилар.

Your contact details
Disclaimer