Туркий тилли давлатлар эркин савдо ҳудудини ташкил қилиши мумкин

Image caption Бу йил Туркий давлатлар ҳамкорлигига 20 йил тўлади.

Бокуда ўтиши режаланаётган саммитда бу масала муҳокама қилинади, деб хабар беради Озарбайжоннинг Тренд.аз сайти.

Туркий тилли давлатлар эркин савдо ҳудудини ташкил қилиш саммитнинг бош мавзуларидан бўлиши айтилган.

Саммит иштирокчилари муҳокамасидан сўнг, уни қонунийлаштириш бўйича аниқ қадамлар ташланади, дейди Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси бош котиби Рамил Гасанов.

Олдинроқ тизимга аъзо давлатлар ўртасида бож солиқларини бекор қилиш ва эркин иқтисодий ҳудуд ҳақида лойиҳа тузиш муҳокама қилинганди.

Бу йил Туркий давлатлар ҳамкорлигига 20 йил тўлади.

Туркий тилли давлат раҳбарлари саммити 1992 йилда Туркиянинг марҳум президенти Турғут Ўзол ташаббуси билан ташкил қилинган.

Парламент Ассамблеяси эса 2009 йил Бокуда таъсис этилган бўлиб, унга Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари кирган.

Ассамблеяни тузишдан мақсад, туркий тилли давлатларни халқаро ташкилотларда қўллаб-қувватлаш, ижодкорлик ишларида тажриба алмашув, туркий тил, маданият ва тарихни сақлаб қолиш, сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларни мустаҳкамлашдир.

Шу билан бирга, мамлакатлар терроризм, наркотрафик каби хавфларга минтақада биргаликда курашишга бел боғлашган.

Шу масалаларга эътибор қаратиш Туркия Ташқи Ишлар вазири Аҳмад Довудўғлининг Бокуга қилган сафари пайтида ҳам таъкидланган.

Жаноб Довудўғлига кўра, туркий тилли давлатлар иштирок этадиган жараёнда Туркия ва Озарбайжон етакчилик ролини ўйнайди.

"Бир миллат-икки давлат" деб уруғулаган у Туркия-Озарбайжон ҳамкорлигини.

Туркия Ташқи Ишлар вазири ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Марказий Осиё давлатларини ўз сафларига кўпроқ жалб қилиш кераклигини айтган.

Ўзбекистон Президенти 1995 йилдан буён бу учрашувларда қатнашишни тўхтатган.

Баъзи хабарларга кўра, Туркия ҳукумати Ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳга мамлакатидан жой бериши Каримовнинг қаҳрини келтирган ва ҳамон бундай йиғилишларда иштирок этишни хоҳламайди.

Шунингдек, Туркманистон ҳам мамлакат иқтисодий ва сиёсий ҳаётига талуқли масалалар муҳокамада бўладиган халқаро саҳналарда фаол қатнашишни маъқул кўравермайди.