Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида "солиқ уруши" бошландими?

Қозоғистон Ўзбекистондан олиб келинган маҳсулотларга нисбатан солиқларни оширмоқчи.

Бунга сабаб Ўзбекистоннинг қозоқ товарларига нисбатан солиқларни баланд қилиб қўйганидир.

Акциз солиқларининг орттирилгани боис Ўзбекистонга қозоқ уни экспорти қарийб 50 фоизга тушиб кетгани хабар қилинган.

Натижада Қозоғистондаги ун ишлаб чиқарувчи чорак корхоналарда иш тўхтаган. Кузатувчилар икки давлат ўртасида савдо уруши пишиб келаётганини ёзишмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон махсулотларига нисбатан солиқларнинг орттирилиши борасида Қозоғистон индустрия ва янги технология вазири Асет Исекешев маълум қилди.

У Қозоғистон маҳсулотларига акциз солиқлари қўлловчи давлатларга нисбатан "жавоб чоралари"ни қўллашни таклиф қилган.

Вазир экспорт қилинадиган қозоқ товарларига нисбатан 10 баробар кўп акцизларни адолатсизлик, деб атаган ва бунга қарши чоралар кўрилиши кераклигини айтган.

Қозоқ томони Ўзбекистон билан ун махсулотлари борасида савдо йилдан йилга ёмонлашаётганини айтади.

Ўзбекистон қозоқ унига аввалига 10 фоизлик акциз солиғи қўйган бўлса, кейинчалик бу кўрсатгич 15 фоизга чиққан. 1 майдан бошлаб эса макаронларга солиқни 20 фоиздан 30 фоизга чиқариб қўйган ва ушбу товарларни кириб келишини деярли тўхтатган.

Натижада ўтган йилнинг олти ойлиги билан солиштирганда, қозоқ уни экспорти кескин тушиб кетган. Ўтган ярим йилда Ўзбекистонга 1 миллион 216 минг тонна қозоқ уни кириб борган бўлса, бу йил бу кўрсатгич 709 минг тоннани ташкил қилган.

"Экспортимиз 45 % дан кўпроққа тушиб кетди. Бу республикадаги ун ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг чорак қисмини ишдан тўхташига олиб келди, энди улар йил давомида ишламайди. Бизнинг барча қўшниларимиз Қозоғистонга хом ашё етказувчи ва олий сифат буғдой манбаси сифатида қарамоқда. Биз уни етқизамиз, улар эса қайта ишлайди", - деган Қозоғистон донни қайта ишловчи ва новвойлар иттифоқи раҳбари Евгений Ган.

Ўзбекистон қозоқ унини олишга тўсиқлар қўйиш билан бирга, айни вақтда қозоқ буғдойини импорт қилиб, ўзида қайта ишлашни кўпайтирган.

Қозоғистоннинг жавоб чоралари борасида аниқ таклифлар айтилгани йўқ. Ўзбекистон қўшни давлатга автомобиль, қишлоқ хўжалиги махсулотлари ва газ экспорт қилади.

Икки ўртада савдо урушими?

"Қозоқ Зерно" ахборот агентлиги икки давлат ўртасидаги сўнгги ўзгаришлардан савдо уруши пишиб етилаяпти, деган хулоса ясаган.

Агентлик таҳлилчиси Сергей Букатов Би-би-си билан суҳбатда Қозоғистон томонидан жорий қилинадиган жавоб чораларига қарамасдан Ўзбекистон солиқларни туширмаслиги мумкинлигини айтди.

"Ўзбекистон буғдой бозорида ўзини ўзи таъминловчи давлатга айланиб бормоқда. Мамлакатнинг ун тайёрлаш саноати ривожланмоқда. Бу соҳани ривожлантириш Ўзбекистон учун фойдали, чунки бу одамларни иш билан таъминлаши ва ун тайёрлаш ортидан қўшимча қийматни ошириши мумкин. Шунинг учун Қозоғистон томонидан жорий қилинадиган чоралардан Ўзбекистон иқтисоди зарар кўрмайди", - дейди Сергей Букатов.

Таҳлилчи Ўзбекистон ҳукумати акциз солиқларини кўтариш орқали ўз ички бозори ва ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилаётганини айтади. Бундай ҳолатда ишлаб чиқариш жуда ҳам қулай шароитларда бўлади.

"Бироқ бошқа томондан бу Ўзбекистоннинг ўзи учун ёмон бўлиши мумкин. Чунки ташқи рақобатсиз ўзининг ун ишлаб чиқариш саноатини ривожлантирмаслиги ва замонавийлаштирмаслиги мумкин", - дейди Сергей Букатов.

Букатовга кўра, ички бозорни ялпи ҳимоялаш сиёсати бундан бир неча аср муқаддам фойдали бўлган бўлиши мумкин, аммо бугунга келиб зарарли воситага айланган.

Кузатувчи ташқи рақобатдан ҳимояланган иқтисод иссиқхона шароитида бўлишини ва лозим ҳолда ривожланмаслигини айтади. Божхона тўловларини ошириш эса фақат давлат бюджети бойитиши мумкин, саноатни ривожлантирмайди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг Россиядан сўнг энг йирик савдо ҳамкори саналади. Икки давлат ўртасида савдо айланмаси 2012 йили 2 миллиард 700 миллион долларни ташкил қилган. Давлат раҳбарлари ушбу кўрсатгични 2016 йилгача икки баробар ошириш режаси борлигини маълум қилган.