Чимкентда чаёнлар ҳужуми ортган

Image caption Чимкент шаҳрида чаён чақиши кўпайган.

Қозоғистоннинг жанубидаги Чимкент шаҳрида чаён чақиши натижасида шифохонага мурожаат қилганkар сони кўпайган. Бу ҳақда вилоят “Тез ёрдам”ининг статистика бўлими хабар тарқатган.

Шу йилнинг 1 июнидан бошлаб шифохоналарга ҳашорат чақиши шикояти билан 380 одам мурожаат қилган. Уларнинг кўпчилиги чаён чақишидан азият чеккан, дейилади хабарда.

Бир кунда 30 – 33 марта мурожаатлар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Худди шундай ҳолатда Чимкентда бундан икки йил олдин ҳам кузатилган. Июль ойида ҳар куни ўртача 20 одам чаён чақиши натижасида шифокорга мурожаат қилган. Ўшанда чаёнларнинг фаоллашиб қолганига ҳавонинг жуда исиб кетгани сабаб бўлган дейилганди.

Бу йил ҳам сўнгги кунларда минтақада ҳаво кескин исиб кетгани кузатилмоқда.

Қозоғистон жанубида сариқ ва Қофқоз чаёнлари ёйилган. Чаённинг чақиши қаттиқ оғриққа сабаб бўлиши ва аллергик касаллиги борларга жиддий хавф туғдириши айтилади.