Қозоғистонда Мухтор Аблязовнинг ҳибсга олинишига турфа муносабат

Image caption Мухтор Аблязов Франсада Чоршанба куни ҳибсга олинган

Қозоғистонлик олигарх ва мухолифатчи Мухтар Аблязовнинг Францияда қўлга олиниши га Қозоғистонда турли муносабат янграмоқда. Қозоқ прокуратураси Аблязовга очилган жиноят ишини тергов қилиш давом этаётганини айтса, бир гуруҳ қозоғистонлик фаоллар Франция элчихонаси олдида чиқиш қилиб Аблязовни Қозоғистонга юбормасликни талаб қилмоқда. Кузатувчилар мухолифатнинг фаол дастакчиси бўлган Аблязовнинг ушланиши мухолифат гуруҳлари ва матбуотига жиддий зарба бўлишини тахмин қилишмоқда.

Олма отадаги бир гуруҳ фаоллар Франция элчихонаси олдига йиғилишди. Уларнинг бош талаби Франциядан қўлга олинган Мухтар Аблязовни Қозоғистон ёки бошқа собиқ Иттифоқ давлатларига экстрадиция қилмаслик.

Йиғилганлар Франция президенти Франсуа Олландга мактуб билан мурожаат қилиб Қозоғистондаги сиёсий тузимдан огоҳ этишган ва Аблязовни юбормасликни сўрашган.

“Руҳ билан тил” клуби раҳбари Жанпўлат Мамай Мухтар Аблязовнинг қўлга олиниш масаласи қачон бўлса ҳам кутилаётгани айтади.

“Аблязовни қўлга олиш учун Оқўрданинг буюртмаси билан Россия махсус кучлари ҳам қўшилди. Аблязов биринчи рақамли душман бўлгани учун расмий Остона унинг ушланиши учун на кучини ва на маблағини аяди. Унинг қўлга олиниши қонуний жараён. Мен шахсан Аблязов билан таниш эмасман. Аммо унинг қўлга олиниши сиёсий буюртма саналади. Аблязовнинг Қозоғистонга экстрадиция қилинишига қатъий қаршиман. Чунки Қозоғистонда эркин суд ва адолат йўқ”, - дейди Жанпўлат Мамай.

Жанпўлат Мамайга кўра Аблязов нисбатан қўйилаётган миллиардлаб долларни ўмариш айблови бўйича маҳкама бўлиши керак. Бироқ фақат Қозоғистонда эмас.

Сиёсатчи Серикжан Мамбеталин Мухтар Аблязов мухолифатнинг бир қисмини молиялаштириб турганини ва мустақил ОАВ тизимини яратганини айтади.

“Мухолифат кескин заифлашади. Ҳукумат истаган ислоҳатлари ва ўзгаришларни амалга ошириши мумкин. Ўзининг якуний палласига кириб бораётган меросхўр операциясини тўсиқларсиз битириб олиши мумкин”, - дейди Серикжан Мамбеталин.

Мамбеталин жанобларига кўра ҳозирги ҳукумат ўта кучли ва ривожланган давлатлардан маслаҳатчиларни сотиб олишдан тортиб, давлат раҳбарларигача сотиб олиш қурбига эга. Шунингдек мавжуд мухолифат ўта заиф, Аблязовнинг қамоққа олиниши эса уни янада сочиб юборади.

Мухолифатчи Амиржан Қўсанов Аблязов бир қисм мухолифатни пул билан таъминлаб турганини ва қолган мухолифат қаршилик кўрсатишда давом этаверишини айтади.

“Албатта, Аблязов “Олға” партияси ва мустақил ОАВ олдида маълум мажбуриятларни бажарди, молиявий жиҳатдан ёрдам берди. Лекин у бутун мухолифатни таъминлагани йўқ. Унинг йўқлиги мухолифатга сезиларли йўқотиш бўлиши мумкин. Аммо бу йўқ бўлиш дегани эмас. Қозоғистон мухолифати Мухтар Аблязовгача ҳам бўлган, унинг даврида ҳам мавжуд ва мухолифат Аблязовсиз ҳам яшаши мумкин. Бу гаплар фақат унга эмас, ҳаммамизга тегишли. Битта одам Қозоғистондаги барча мухолифатнинг тақдирини ҳал қилади, демаслик керак”, - дейди Амиржан Қўсанов.

Аблязов ўтган йили Британия маҳкамаси тарафидан 22 ойга қамалиши ҳукмидан сўнг Британияни махфий равишда тарк этган эди.

Қозоғистоннинг энг бадавлат инсонларидан ҳисобланган Мухтор Аблязов 2009 йили ўз банкининг давлат тарафидан мусодара этилиши натижасида ўз юртидан қочган эди.

2011 йили Британия унга сиёсий қочқин мақомини берди.

Қозоғистон уни давлат маблағларини ўмаришда айблаб келади.

Аблязов бу айбловларни рад этиб, улар сиёсий тусга эга дейди.