Россия: меҳнат муҳожирларини оммавий текшириш вилоятларга кўчган

Image caption Палаткалар шаҳарчасига келтирилган муҳожирлар ватанларига чиқиб кетишга мажбур.

Хабарларга қараганда, ноқонуний меҳнат муҳожирлар "ови" Москва шаҳридан сўнг вилоятда бошланган.

Россия интернет нашрлари ёзишича, текширувлар қурилиш майдонлари, омборхоналар, ётоқхоналар ва жамоат транспортларида давом этмоқда.

Баъзи ҳайдовчилар, йўловчилар Федерал Миграция хизмати ходимларининг ҳужжат текширишлари натижасида пайдо бўлган навбатдан норозилик билдиришган.

Бироқ норозиликларга қарамасдан, автобус ва маршрут таксилар тўхтатилиб текширувлар давом эттирилган.

Миграция хизматига кўра, шу тариқа муҳожирлар учун қонун тизимига амал қилиш таъминланади.

Москва вилояти Миграция хизмати бўлими бошлиғи Алексей Ханиннинг айтишича, Раменск туманида ўтказилган рейд чоғида икки қаватли ётоқхонада ноқонуний яшаб ва қурилишда ишлаган муҳожирлар полиция бўлимига олиб кетилган.

"Хавфсизлик" деб номланган бу каби рейдларда муҳожирларнинг нафақат ҳужжатлари, балки бармоқ излари ҳам текширилаётгани айтилади.

Айни пайтда Москва ҳокимияти ноқонуний меҳнат муҳожирлари учун махсус жамлоқ шаҳарча барпо этган.

Москва шарқидаги шаҳарчада ватанларига бадарға қилиниш кутилаётган 1000 га яқин ноқонуний муҳожирлар сақланаётгани ҳақида хабарлар бор.

Миграция хизмати маълумот беришича, Москва шаҳридаги кўчалардан бирида авария ҳолатидаги уйда яшаб келган ноқонуний муҳожирлар яқинда ташкил қилинган палаткалар шаҳарчасига кўчирилган.

Чодирларда муҳожирлар учун яхши шароит яратилгани, таржимонлар қўйилгани, лекин бу ерга етказилган муҳожирлар тез орада ватанларига қайтариб юборишлари хабар қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ