'Узоқ Шарқдан хитойликларни марказий осиёлик муҳожирлар сиқиб чиқармоқда'

Eurasia Review мустақил журнали Россия Узоқ Шарқидаги меҳнат муҳожирлиги вазиятига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилган.

Эркин журналист Евгений Кузмин қаламига мансуб мақола "Марказий Осиё: Мигрант ишчилар Россия Узоқ Шарқида имконият топмоқдалар" деб номланган.

"Азалдан Россиянинг Узоқ Шарқига меҳнат муҳожирларининг оммаси Хитойдан келган, уларга озгина шимолий кореяликлар қўшилганлар. Бироқ охирги пайтда шарқий Сибирда Марказий Осиёдан келган ишчилар паст ҳақ тўланадиган меҳнат бозорида хитойлик рақибларини сиқиб чиқармоқдалар", деб бошланади мақола.

Россия Федерациясининг Хитойга чегарадош бошқа ҳудудлари қатори Амур минтақасида Хитой фуқаролари ҳозир ҳам хорижий ишчи кучи бозорида салмоқли қисмни ташкил этади. Бироқ бир неча йил олдин ҳам Амур минтақасида ҳар тўрт хитойликка бир марказий осиёлик тўғри келган бўлса, ҳозир расмий статистикага кўра, ҳар икки чет элликдан бири марказий осиёлик бўлиб қолган.

Мақолада ёзилишича, 220 минг аҳолиси бор Благовешенск шаҳрида хитойликларнинг яхшироқ маош талаб қилишлари натижасида уларнинг ўрнига Ўзбекистон ва Қирғизистонга ўхшаш собиқ Шўро республикаларидан келган муҳожирларни ишга ёллаш иқтисодий самарали бўлиб қолган.

Чунки Хитойда ҳам аҳоли фаровонлиги кўтарилиб кетаяпти ва хитойлик мигрантлар ҳам кўпроқ пул топиш ва уйдаги яқинларига кўпроқ маблағ юбориш босими остида қолмоқдалар. Айни пайтда Ғарбий Россия, айниқса, Москва ва Санкт-Петербургдаги анъанавий меҳнат бозорлари аллақачон тўлиб кетган, бу эса одамларни Узоқ Шарқда иш топиш йўлларини излашга мажбур қилмоқда.

"Албатта, Москвада пул топиш энг яхши йўл. Лекин шу кеча-кундузда у ерларда иш топиш қийин. У ер бизнинг Ўзбекларимиз билан аллақачон тўлиб кетган", дейди Благовешенск шаҳрида олти ойдан бери асфалт ётқизаётган ўзбекистонлик мигрант Ботир.

Бу жойларда марказий осиёликлар банд бўлмаган қурилишни топиш қийин. Узоқ Шарқнинг Владивосток ва Петроавловск-Камчатский шаҳарларида марказий осиёликлар шаҳар жамоат транспортини бошқаришда иш топганлар.

Марказий осиёликлар бир устунликка эга эканлари - улар учун Россия визаси талаб қилинмаслигини ёзади муаллиф.

Маҳаллий расмийлар хитойликлар ўрнини марказий осиёликлар эгаллаётганидан мамнун. Боиси хитойлик мигрантлар деҳқончиликка яроқли ерларни бошқа мақсадда ишлатганлари оқибатида бу заминда экин ўсмайдиган бўлиб қолган ҳоллар мавжуд.

Бироқ айрим жойларда болалар боғчалари учун жой етишмай қолаётгани маҳаллий маъмуриятларнинг норозиликларига ҳам сабаб бўлмоқда.

Ҳомиладор аёллар туғиш учун Узоқ Шарқ ҳудудларига йўл олаётганлари, бу эса шундоқ ҳам мўрт маҳаллий тиббиёт тизимларига оғирлик бўлиб тушаётганидан шикоят қилишмоқда, деб ёзади муаллиф.

Бу мавзуда батафсилроқ