Бостондаги портлашга алоқадорликда икки қозоғистонлик айбланмоқда

Image caption Қозоғистонлик талабалар терговга тўсқинлик қилишда айбланмоқдалар

Массачусетc федерал прокурори Кармен Ортисга кўра, ҳакамлар Қозоғистон фуқаролари Азамат Тажаяков ва Диас Қодирбоевни адолат қарор топиши йўлига тўсқинлик қилиш ва бунга жиноий тил бириктиришда айблаган.

20 ёшли Жоҳар Царнаевнинг тенгдошларига назарий жиҳатдан тергов ишига тўсқинлик қилиш айби билан 20 йиллик қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

Жазо муддати ўтаб бўлинганидан кейин улар Қоғозистонга жўнатилади.

Икковлон Царнаев билан Массачусетс университетида танишишган.

Бостон портлашларидан кейин ака-укаларнинг суратларини Федерал Қидирув Бюроси ошкор этар экан, Царнаев илк СМС номаларини қозоғистонлик дўстларига жўнатади.

Ана шу нома «Ассалому алайкум» дея тугалланади ва Царнаев дўстларидан ётоқхонадаги ўз хонасига кириб у ердан «бор нарсаларни олиб чиқиб кетишни» сўрайди.

Айблов хулосасига кўра, Тажаяков ва Қодирбоев ётоқхонага келиб Царнаевнинг хонасидан ноутбук, рюкзак ва мушаклар учун ишлатиладиган нимарсаларни олиб кетишади.

Прокурорларга кўра, айнан мана шу топилмадан ака-ука Царнаевлар ўз портловчи ускуналарида фойдаланганлар.

15 апрелда рўй берган икки портлаш оқибатида уч киши қурбон бўлган эди.

Яраланганлар сони эса 264 нафар эканлиги айтилади.

Тажаяков ва Қодирбоевларнинг ҳимоячилари уларнинг беайб эканликларини урғулашмоқда.

Тажаяковнинг адвокати Аркадий Бух сўнгги воқеаларни «олабўжи» билан қўрқитиш деб таърифлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ