Алексей Навальный миллатчими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Алексей Навальный аксил-Путин чиқишлари ва коррупцияни фош қилувчи лойиҳаси билан кўп россияликлар дастагига эришган

Ноқонуний муҳожирлар, ва умуман муҳожирлар Россия сиёсатчилари ва мухолифатчилари учун осон нишонга айланмоқда. Бу айниқса сайловолди кампаниялари доирасида сезилади. Россиянинг охирги парламент сайловлари ортидан юзага келган норозиликлар тўлқини ичида Алексей Навальный либерал лидер бўлиб саҳнага чиққанди. У ҳам энди Москва ҳокимлиги учун ўз кампаниясини олиб борар экан, охирги чиқишида ўз аёл қўшнилари муҳожирлардан ҳадиксираб кўчага чиқишга қўрқаётганларини айтди.

Унинг айтишича, тожик эркакларининг 40 фоизи Россияга келиб ўрнашиб олган, Москвадаги оғир жиноятларнинг 50 фоизини муҳожирлар содир этаяпти. Навальний ўтмишда миллатчи қарашлари билан яхши таниш бўлган. Ҳўш, у ўзи қандай сиёсатчи? Ва унинг охирги баёнотлари ҳақиқатга яқинми? Би-би-си бу ҳақида москвалик журналист, фергананюс.сом сайти муҳаррири Даниил Кисловдан сўради.

Кислов: Агар Навальныйнинг шахсиятини бир четга суриб, айнан мана шу рақамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу тарзда чиқиш қилиш ва бундай рақамларни келтириш - бу нафақат қип-қизил ёлғонни гапириш, балки зарарли ёлғонни гапиришни англатади. Бундай чиқиш ашаддий миллатчиларга хос нарса. Шу пайтгача Россияда биронта ҳам ҳукумат ё мухолифат сиёсатчиси бунчалар ҳақиқатдан мутлақо йироқ бўлган, тўқиб чиқарилган афсоналарни гапирмаган. Бу афсоналар аллақачон тарқаб улгурган. Оломон олдида чиқиш қилаётган миллатчи ҳар доим бир мақсадни кўзлайди ва нозик рақамларга берилиб ўтирмайди, чунки оломонга нозик ҳақиқатнинг қизиғи йўқ. Оломонга баландпарвоз шиорлар керак. Навальный қип-қизил ирқчи баёнот қила туриб, илк марта очиқ-ойдин кимлигини намойиш қилди. Чунки бу шиорларни ирқчилар ва миллатчилар қўллайдилар. Рақамларга келсак, улар аллақачон рад этилган. Москва бўйлаб 1,5-2 миллион муҳожирлар бор, улар орасида кўпи билан 400,000 тожик бордир. Бутун жаҳон тожикларининг 40 фоизи бу ерда деб айтиш - телбалик. Оғир жиноятларнинг 50 фоизини муҳожирлар амалга ошираётгани борасидаги рақамни ҳам аллақачон Ички ишлар вазирлиги ва тергов қўмитаси каби масъулиятли идоралар рад этишган. Москва бўйича муҳожирлар қилаётган жиноят аслида атиги 4 фоиз атрофида. 96 фоиз жиноятни маҳаллий халқнинг ўзи қилаяпти. Шундай экан, Навальный келтираётган рақамлар қўрқинчли даражада ҳақиқатдан йироқдир! Муҳожирлар бу ерга ишлаш учун келадилар, улар орасида ўз ишини ё ҳужжатларини йўқотиб қўйган ва жиноятга қул урган кам сонли одамлар бор. Бизда турли тушунчаларни аралаштириб юборишни яхши кўришади. Мана қаранг, расмийлар муҳожирлар кўплиги ва улар билан курашиш вақти келганини айтишади, уларга кўра Москвадаги 40 фоиз жиноятни "келгиндилар" қилади дейишади. Демак, улар "муҳожир" сўзини ишлатиб туриб, орқасида "келгиндилар" ҳақида сўзлаганларида, халқ орасида чет элдан келган одамлар ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Аслида эса 40 фоиз жиноятни ҳамма келгиндилар содир этаяптилар, улар орасида Москва вилоятидан ё бошқа вилоятлардан келган руслар ҳам бор. Чунки Россиянинг ичида ишчи кучини кўчиши жуда авж олган. Ва жиноятларнинг аксар қисмини россиялик келгиндиларнинг ўзлари содир этишаяпти. Лекин, оломонга буни қизиғи йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Москва бозорида полициячи дўппосланиши ортидан муҳожирлар ёппасига қўлга олина бошланди ва 600 нафари чодирлар лагерига жойлаштирилди

Би-би-си: Навальный агар Москва ҳокими бўлса, сиз айтгандек, тўқиб чиқарилган муҳожирлар муаммосини ўзи қандай ечмоқчи? Унинг дастури амали борми?

Кислов: Биласизми, мен бир неча ойдан бери шахсан ўзим учун Навальныйнинг муҳожирлар борасидаги мавқеини аниқлаштиришга уринаяпман. Ҳозирча бунинг уддасидан чиқа олмадим. Чунки унинг ўзи муҳожирлар борасидаги бирон дастурини амалини ошкор қилгани йўқ. Унда бир неча таклифлар бор, холос. У ҳам бўлса, виза режимини тадбиқ қилиш. У федерал даражадаги лавозимга эмас, балки Москва ҳокимлигига сайланишга уринаётгани ҳисобга олинса, у бу виза режимини қандай тадбиқ қилмоқчи, билмадим. Лекин, у тўхтамай виза ҳақида гапиради. Бу билан у оломоннинг бир қисмини ўзига оғдираяпти. Навальныйда дастури амал эмас, фақат оммабоп шиорлар бор. Иккинчидан, унинг фикрида муҳожирлар маҳаллий ҳокимиятнинг коррупциялашишига сабаб бўлаяпти ва уларнинг сонини қисқартириш керак. Энг қайғули тарафи шуки, унинг шиорлари ирқчилик ҳисси билан тўйинтирилган. Агар у мана шу муаммолар ҳақида бетарафлик билан, илмий ва беозор тилда гапирганида эди, шахсан мен уни кечирган бўлардим, лекин унинг ҳар кунги чиқишлари менда унга нисбатан адоватни уйғотаяпти. Айни дамда, бошқа масалаларда, масалан коррупция масаласида Навальный менга жуда ёққанди.

Би-би-си: Кўплар унинг коррупция билан кураши туфайли Навальный тарафдорига айланганлар. Унинг тарафдорлари ўзи ким? Тасвирлаб бера оласизми? Қайсидир россиялик таҳлилчи Навальныйда бирозгина либерализм, бирозгина ижтимоий масалалар, ва бирозгина миллатчилик мужассам бўлган, деб ёзган. Шунинг учун у кўпларга ёқадими?

Кислов: Мен жамиятшунос, сиёсатшунос ёки олим эмасман, шунинг учун бу ҳақида гапириш мен учун осон эмас. Лекин, ўз тажрибамдан келиб чиқиб гапиришим мумкин. Мен Россия фуқароси сифатида бўлаётган воқеаларга ва сиёсатга жуда қизиқаман. Мен Навальный ҳақида биринчи марта 2011 йилда ноҳақликлар билан ўтган парламент сайловлари ортидан эшитдим. Бу сайловларга қарши норозиликлар Россиянинг жуда кенг қатламларини ўзида мужассам қилди. Навальный шу норозиликлар тўлқини орасидан лидерлардан бири бўлиб бош кўтарди. Унинг ўтмишда миллатчи гуруҳлар раҳбари бўлгани ҳақида ҳеч нима билмасдим. Унинг шахси билан қизиқа бошладим, ва кўплар қаторида унинг аксил-коррупцион фаолияти учун менда ҳам унга нисбатан хайрихоҳлик пайдо бўлди. Унинг асосий лойиҳаси РосПил деб номланади. Бу ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқ ва яхши лойиҳа, чунки у орқали Навальный ҳукуматнинг юзини, жиноятларини, ўғирликларини очиб берадиган маълумотларни ошкор қилиб келади. Бу намойишлар ортидан Навальный РосВыборы деган яна бир лойиҳани илгари сурди. Бу лойиҳа доирасида сайловларни кузатиш йўлга қўйилди. Лекин бошида унга кўнгил қўйган тарафдорлар энди ўзгара бошладилар. Чунки Навальный илк лойиҳалари билан кўтарилиб олиб, ўз сайлов сиёсатини юрғиза бошлади ва нима учундир муҳожирлик мавзусини ўзлаштириб олди. Шунинг учун, унинг баъзи тарафдорлари ундан юз ўгира бошлашган. Баъзи олим дўстларимнинг айтишларича, Навальный либерал лагерни парчалаб юборди. Чунки баъзи либераллар унинг аксил-муҳожирлик чиқишлари эътиборга олмасликка уринишаяпти, чунки у барибир Путиндан яхшироқ дейишаяпти. Бошқа либераллар эса, "Йўқ, унинг аксил-муҳожирлик чиқишлари унинг қолган барча ижобий хусусиятларини чиппакка чиқарди" дейишаяпти. Унинг айнан мана шу собиқ ишқибозлари бугун Москвада аксил-муҳожир сиёсатга қарши норозилик намойишини ўтказаяптилар, мен ҳам унда иштирок этаман. Шундай экан, Навальныйнинг тарафдорлари ўзгараяпти.