Ҳакамлар ҳайъати: 'Қозоқ талабалар ашёвий далилларни йўқ қилишга ёрдамлашган'

Image caption Диас Қодирбоев ва Азамат Тажаяков 2011 йилда АҚШга университетга ўқишга боришган.

Бостон шаҳридаги портлашларга алоқадорликда айбланаётган қозоғистонлик талабалар Диас Қодирбоев ва Азамат Тажаяковга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ўрганиб чиққан ҳакамлар ҳайъати айблов хулосасини маълум қилганлар.

Айблов хулосасига кўра, икки ўспирин адолатни қарор топтиришга тўсқинлик қилганлар ва ана шу мақсадда жиноий тил бириктирганлар.

Маҳкама жараёнида Бостон портлашларини содир этишда айбланаётган Жавҳар Царнаевнинг дўстлари Диас Қодирбоев ва Азамат Тажаяков ўзларига қўйилган айбловларни рад этганлар.

Улар ва уларнинг адвокатларига кўра, бошиданоқ Америка ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилганлар, ўзлари билган нарсаларни яширмаганлар.

Маҳкамада Қодирбоев билан Тажаяковнинг қариндошлари ҳам қатнашганлар.

Диас Қодирбоев ҳам, Азамат Тажаяков ҳам 19 ёшда.

Улар 2011 йилда АҚШга таҳсил олиш учун борганлар, Жавҳар Царнаев билан Массачусетс штати университетида дўстлашганлар.

9 август куни 23 аъзодан иборат ҳакамлар ҳайъати, икки айбланувчи адолатни қарор топтиришга тўсқинлик қилган ва адолат қарор топишига тўсқинлик қилиш шу мақсадида жиноий тил бириктирганлар, деган хулосага келган эди.

Агар маҳкама якунида улар қўйилган айбловлар бўйича айбдор деб топилсалар биринчи банд бўйича 20 йил, жиноий тил бириктириш банди бўйича 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши ҳамда улар 250 минг АҚШ долларига тенг жаримага тортилишлари мумкин.

Шунингдек, улар қамоқдан озод этилганларидан сўнг беш йилгача кузатув остида қолишлари кўзда тутилади.

Би-би-сининг Америкадаги мухбирига кўра, сўнгги чора шарт бўлмаслиги мумкин, чунки улар жазо муддатларини ўтаб бўлганларидан кейин Қозоғистонга депортация қилинишлари лозим бўлади.

Кейинги маҳкама 26 сентябр кунига мўлжалланган.

Жараённинг икки ҳафтача давом этиши, прокурорлар 15-20 гувоҳни сўроқ қилмоқчи эканлари хабар қилинган.

Қозоқ талабаларига қўйилаётган айбловларга кўра, шу йилнинг 18 апрел куни АҚШ Федерал Қидирув бюроси Бостон марафонининг финиш чизиғига яқин жойдаги портлашларни ташкиллаштиришда гумон қилинган икки шахснинг суратларини эълон қилганидан кейин Жавҳар Царнаев ўзининг қозоғистонлик дўстларига мобил телефонидан SMS-хабар юборган.

Ва ётоқхонадаги Жавҳар Царнаевнинг хонасидан "у ерда бор" нарсаларни олиб кетиш сўралган.

Айблов хулосасида айтилишича, Тажаяков ва Қодирбоев ётоқхонадан Царнаев ноутбуки ва ичида порохли мушакбозлик воситалари бўлган рюкзакни олиб чиқиб кетганлар.

Сўнг Диас Қодирбоевнинг ркзакни ахлат қопига солиб ахлат олиб кетиладиган идишга ташлаб кетгани ва икки дўст бу идишни қандай тозаланганини кузатиб турганлари айтилган.

Жавҳар Царнаевга тегишли рюкзак 30 та криминал қидирувчи иштирокида икки кунлик қидирувдан кейин шаҳар ахлатхонасидан апрел ойининг охирида топилган эди.

15 апрел куни рўй берган икки портлаш оқибатида уч инсон ҳалок бўлган, 264 киши жароҳатланган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ