Тожикистон шарқида Исломий партия фаоллари ҳужумга учради

Image caption Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси Марказий Осиёда ягона исломий партия ҳисобланади

Тоҷикистон Ислом Уйғониш Партиясининг етти нафар фаоли мамлакат шарқидаги Бадашхшон вилоятида номаълум шахслар ҳужумига учраган.

Партия сўзчиси Ҳикматулло Сайфуллозода сўзларига кўра, бу ҳодиса пайшанба куни кечки соат саккизларда Рўшон туманининг Чашмаи Фотима минтақасида юз берган.

Ҳамлага дуч келган фаоллар орасида партия раисининг муовини Зарафо Раҳмоний ҳам бор.

Бир неча ёш йигит машиналарда Ислом Уйғониш Партияси фаоллари кетаётган автомбил йўлини тўсганлар.

Ҳикматулло Сайфуллозоданинг Раҳмоний хонимга иқтибосан айтишича, бу шахслар партия фаолларидан ўта дағаллик билан улар ким экани ва қаёққа кетаётганларини сўраган.

Фаоллар уларнинг шахсини аниқлашга ҳаракат қилган пайти ёшлардан бири партия аъзоларидан бирини дўппослай кетган.

Исломий партия фаоллари ҳодиса жойидан зудлик билан узоқлашишга мажбур бўлганлар.

Ҳужумдан хабардор бўлган Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг раиси Муҳиддин Кабирий гуруҳга зудлик билан поллиция идорасига боришни буюрган.

Партия ҳайъати юз берган ҳодиса ҳақида Хоруғ шаҳри полицияси масъулларига хабар берганлар.

Ҳозирга қадар ҳужумчилар шахси аниқлангани йўқ, аммо Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси сўзчиси фаразига кўра, бу ёшлар партия фаоллари ишига халақит бериш учун Тожикистон марказидан Бадахшонга юборилган бўлишлари мумкин .

Айни дамда Бадахшон вилояти Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи Тожиддин Назришоев Би-би-си билан телефон суҳбатида Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси ҳайъати номаълум шахслар ҳужуми ҳақида шикоят аризаси топширганини тасдиқлади.

Бироқ жаноб Назришоев Рўшон туманида ҳеч ким номаълум ёшларни кўрмаганини айтган.

Унинг хулоса қилишича, Исломий партия ҳайъати Бадахшон вилояти аҳолиси диққатини ўзига жалб қилиш учун "ҳужум ҳодиса"сини ўйлаб топган бўлиши мумкин.

Бироқ Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси масъуллари бу ҳодисани партия аъзоларига қарши олиб борилаётган босим ва таъқибларнинг давоми дея баҳолашган.

Улар бундай ҳужумлар жорий йилда янада кучайганини айтганлар.

Исломий партия фаолларига кўра, Тожикистон ҳукумати охирги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали партияни ёмонотлиқ қилиш кампаниясини бошлаб юборган.

Таҳлилчилар мухолифат фаолларига ҳужумларни шу йил кузига белгиланган президентлик сайлови билан боғлашади.