Хитой билан визасиз тартиб қозоқларда хавотир уйғотмоқда

Image caption Қозоғистонда кўпчилик Хитой билан визасиз тизим "туризм кўринишида"ги ноқонуний муҳожирликка йўл очиб беради, деган хавотирда.

Қозоғистон Саноат ва Янги технологиялар вазирлигига кўра, айни кунларда Хитой фуқароларининг Марказий Осиёга визасиз саёҳат қилишини қонунлаштириш устида иш кетяпти.

Қозоғистон туризм ишлари бўйича қўмита расмийси Мухит Саймасаевнинг айтишича, ушбу келишув икки мамлакат ўртасида сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган.

Агар бу режа амалга ошса, Қозоғистон Хитой билан визасиз тартиб жорий этиладиган биринчи мамлакат бўлиши мумкин.

Ушбу хабар Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Ининг Қозоғистонга кутилаётган сафаридан ўн кун олдин маълум бўлган.

Ундан сўнг Хитой президенти Си Жинпиннинг 6-8 сентябр кунлари Қозоғистонга ташриф буюриши кутилади.

Хитой билан визасиз тизимнинг йўлга қўйилиши Қозоғистонда жамоатчиликнинг турли фикрларига сабаб бўлмоқда.

Қозоғистонлик таҳлилчилар ва интернет фойдаланувчиларга кўра, визасиз тизим Хитой томонидан иқтисодий ва демографик экспансияга олиб келиши мумкин.

Норозиликлар

Қозоғистонлик фаоллар ўзларининг норозиликларини изҳор этиш мақсадида матбуот анжумани ташкил қилишган.

Улар шунингдек сентябр ойида Қозоғистон ва Хитой ўртасида виза тартибига ўзгартириш киритишга қарши митинг ташкил қилишни режалаштирмоқдалар.

Матбуот анжуманида чиқиш қилган Жанболат Мамай кўтарилаётган мавзу "жуда жиддий" эканлигини айтиб, "Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси ва Ташқи Ишлар вазирлиги масалани чуқур ўрганиб, қарор бериши керак"лигини таъкидлаган.

"Туризм кўринишида"ги муҳожирлик

Кўпгина таҳлилчилар ва сиёсатшунослар ушбу қадам Хитойдан келадиган "туризм кўринишида"ги ноқонуний муҳожирликка йўл очиб беради, деган хавотирда.

"Хитой билан визасиз тизим Қозоғистон учун жуда ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки бу улкан сондаги ноқонуний муҳожирларни мамлакатимизга кириб келишига йўл очади", дейди Қозоғистон Республикаси Чегара ҳамкорлиги Ассоциацияси аъзоси Марат Шибутов.

Қозоқ сиёсатшуноси Андрей Чебаторев ҳам "Визасиз тартиб Хитойда иқтисодий экспансиянинг ўсиб бориши манзарасида ноқонуний муҳожирликни келтириб чиқаради", деган фикрда.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Василий Резван муҳожирлик полицияси "сайёҳлар"оқимини назорат қила олишига шубҳа билдиради: "Қозоғистонда ноқонуний фирмалар кўпайиб, улар "сайёҳлик визаси" билан келган ишчилар ҳисобига ишлайди".

Бу эса Қозоғистонда ишсизликни кўпайишига олиб келади, деб айтади сиёсатшунос Расул Жумали.

90-йилларда Хитойда ишлаган собиқ дипломат Мурат Аузовга кўра, Хитой ўзининг Қозоғистонга оммавий юришини шу йўл билан қонунийлаштириб олиш ниятида.

Қозоғистонлик таҳлилчи Амиржон Косановнинг айтишича, бу Хитой учун "яхши ташкиллаштирилган кенгайтириш режаси"дир.

"Афсуски, бизнинг раҳбарларимиз бу режанинг воситаси сифатида ҳаракат қилишмоқда. Улар етти марта ўйлаб, кейин қарор қилишлари керак. Гап Қозоғистон келажаги ҳақида кетмоқда", дейди таҳлилчи.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, Қозоғистон виза тизимига ўзгартириш киритишдан олдин мамлакатда мавжуд хитойлик фуқароларнинг аниқ сонини аниқлашлари лозим.

"Ҳозирнинг ўзида уларнинг сони тахмин қилинаётганидан кўп бўлиши мумкин"- дейишмоқда улар.

Сайёҳлар Қозоғистон манфаатлари учун

Яна бир қанча таҳлилчилар ва сиёсатшунослар эса Хитой билан виза тизимини енгиллаштириш Қозоғистон иқтисоди ва жамоатчилигига фойда келтиради деган фикрдалар.

Депутат Владислав Косарев "Бу қадам Қозоғистон учун ҳеч ҳам хавфли эмас, хитойликлар келиб ётиб олишмайди. Хитойга йўл очилади ва ҳамюртларимиз Хитой молларини эмин-эркин олиб киришда фаоллашадилар", дея мулоҳаза билдиради.

"Бу Қозоғистондаги инвестиция муҳитини яхшилайди ва мамлакат иқтисоди учун ишлайди",- дейди депутат Аҳмат Муродов.

"Мен визасиз тартиб тарафдориман", Хитой билан яқин алоқалар Қозоқ жамиятига фойда ва сиёсий вазият ўзгаради", деб ҳисоблайди қозоқ саёҳатчиси Дмитрий Петрухин.

"Минглаб ватандошларимиз ҳар йили Хитойга сафар қилишади. Бундан ташқари миллионлаб қозоқлар у ерда яшашади ва виза тизимидан қийналишади",- дейди сиёсатшунос Айдос Сарим.

Қозоғистондаги сайёҳлик агентлиги директори Динара Мукашева ҳам "Хитойга ҳар йили дам олиш ва даволанишга борадиган қозоқлар жуда кўп ва улар визасиз тизимдан хурсанд бўлишади", деган фикрда.

Интернетдаги баҳслар

Қозоғистондаги кўплаб интернет фойдаланувчилар Хитой билан виза тартибини енгиллаштириш Қозоғистон учун "хатар" эканини ёзишади.

"Бизнинг ҳукумат бу хавфни кўрмайдими ёки тушунмайдими? Уларнинг қариндошлари ва болалари йўқми? Ёки улар Қозоғистонда яшашмайдими? Бутун халқ тушуниб турган нарсани наҳотки улар тушунмайди?"- деб сўрайди Рустам.

Бошқа фойдаланувчи "Қозоғистон президенти бунга йўл қўймаслиги"дан умид қилади.

Мистер Икс эса "визасиз тизим Қозоғистонда демографик масалада тузатиб бўлмас хатога олиб келади ва жамиятда портлаш юз беради", деган қатъий фикрда.

Баъзи ўқувчилар эса бу тартиб жорий этилишидан хурсанд бўлишмоқда.

"Ниҳоят туризм мамлакат иқтисодини кўтаради. Юан ҳам ёмон валюта эмас",- дейди Ғани Қосимов.

Бошқа бирлари Қозоқ фаолларининг Олмаотада ташкил қилаётган норозилик намойишида қатнашиш истагини билдирганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ