Нурсултон Назарбоев неварасини уйлантирмоқчи

17 август куни Сочида Президент Назарбоев, Россия Президенти Владимир  Путин ва Бош вазир Дмитрий Медведев Шарқ якка кураши мусобақаларини бирга томоша қилдилар.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг невараси Айсултан Назарбоевнинг тўйи ҳақидаги хабар Қозоғистондаги ҳам давлат ва ҳам нодавлат оммавий ахборот воситаларининг асосий янгилигига айланган.

Давлат назоратидаги КазТАГ ахборот агентлиги Назарбоев оиласи аъзоларига таяниб тарқатган хабарда 23 ёшли Айсултан Назарбоев ва 20 яшар Алима Боранбаеваларнинг никоҳ тўйи август ойининг охирида Олма-Ота шаҳрига яқин тоғ бағридаги ҳашаматли меҳмонхонада бўлиб ўтиши маълум қилинган.

Тўйга Президент Нурсултон Назарбоев пойтахт Остонадан етиб келиши ва маросимни рафиқаси Сара Назарбоева билан бирга очиб бериши ҳақида хабар қилган КазТАГ.

Айсултан Қозоғистон президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ҳамда унинг Қозоғистондан қочган эри Роҳат Алиевнинг иккинчи ўғлидир.

Дариға Назарбоева ва Роҳат Алиевларнинг уч фарзанди бор.

Ярим йилдирки Қозоғистонга алоқадор Интернет олами президент оиласининг кейинги қудаси ким бўлиши ҳақидаги "мавзу" билан қизиб кетган.

Турли мақолалар ва тахминлар ёзилган ва ниҳоят президент неварасининг суюклиси Қозоғистон-Россия қўшма корхонаси "КазРосГаз"нинг раҳбари Қайрат Боранбаевнинг қизи Алима экани ошкор бўлган.

Икки ёш охирги йилларда Лондонда бирга бўлганлар.

Айсултан Британия ҳарбий академиясини тугатган, яқинда унга катта лейтенант унвони берилган.

Президентнинг невараси Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий истиғборот хизмати ходими ҳисобланади.

Унинг бўлажак турмуш ўртоғи Лондондаги Courtauld Institute of Art олийгоҳида санъат тарихини ўрганган.

Билимдон манбаларга кўра, келиннинг отаси Қайрат Боранбаев билан Президент Назарбоевнинг қудратли куёви Тимур Кулибоев дўстлар.

Куёвнинг отаси Роҳат Алиев Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган.

2007 йилда унга қарши қатор айбловлар бўйича жиноят иши очилган ва Қозоғистоннинг сўрови билан у ҳибсга олинган.

Бироқ Австрия Роҳат Алиевни Қозоғистонга топширишдан бош тортган.

Чет мамлакатлардан бирида бошпана топган Роҳат Алиев ўзи билан рафиқаси Дариға Назарбоеванинг никоҳини бузиш ҳақида сиртдан қарор чиқарилгани ҳақида хабар қилган.

Жаноб Алиев 2008 йилда Қозоғистон сиртдан маҳкамага тортилган ва одам ўғирлашдан тортиб давлат тўнтаришини тайёрлашда айбдор деб топилиб 40 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Собиқ сиёсатчи, тадбиркор ва матбуот корчалони Алиев барча айбловларни рад қилган ва улар ўзига қарши эълон қилинган сиёсий овнинг бир қисми деб билади.

Бу мавзуда батафсилроқ