Душанбе шаҳрида сув муаммолари бўйича халқаро анжуман бошланди

Тожикистон давлат телевидениеси Душанбе шаҳрида бошланган халқаро анжуманни тўғридан-тўғри эфирга узатишни бошлаган.

Тожик оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, халқаро конференцияда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, Исломий Ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро Сув Кенгаши каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг вакиллари Душанбеда йиғилганлар.

Анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 70 дан ортиқ аъзоси йиғилгани, унда мамлакатлар бош вазирлари, вазирлар ва бошқа юқори лавозимли мулозимлар иштирок этаётгани хабар қилинган.

Конференцияда 900 дан ортиқ иштирокчи қатнашаётгани айтилган.

Анжуман қатнашчилари қаршисида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон маъруза қилган.

Икки кунлик конференция мобайнида қатор мажлислар бўлиб ўтиши мўлжалланган.

Бу мажлислар инсон тараққиёти учун, иқтисодий мақсадлар учун ва атроф-муҳит манфаати йўлидаги сув ҳамкорликлари мавзуларига бағишланиши хабар қилинган.

Ушбу анжуман Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Роғун гидроэлектр лойиҳаси устидан таранглик кузатилаётган пайтда бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон бу лойиҳанинг атроф-муҳитга, хусусан, сейсмологик актив тоғ ҳудудида қуриш бошланганидан норозилигини билдириб келади.

Режаланган Роғун тўғони баландлиги келажакда Ўзбекистон пахта далаларини сувсиз қолдириши эҳтимолидан хавотир изҳор қилинади.

Шу сабаб Ўзбекистон бу лойиҳанинг халқаро экспертлар томонидан ҳар тарафлама ўрганилиши талабини илгари сурган.

Жаҳон Банки мутахассисларининг бу борадаги хулосалари яқин орада эълон қилиниши кутилади.

Бу мавзуда батафсилроқ