Россия: марказий осиёлик мигрантлар диний экстремизмда гумон қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳибсга олишлар меҳнат муҳожирларига қарши кампаниянинг бир қисми бўлиши мумкин

Тюмен вилоят полицияси бир нечта Марказий осиёликни экстремистик гуруҳларга аъзоликда гумон қилиб, ҳибсга олган.

Ушбу шахслар полиция томонидан мигрантлар орасида ўтказилган тадбир давомида аниқланганлиги айтилмоқда.

Россияда Марказий Осиёликларнинг экстремистик гуруҳларга айбдор деб ушлаш ҳоллари тез тез учраб туради.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу каби айбловлар одатда далил-исботларга асосланмаслигини айтишади.

Рухсат этилмаган намозхона

Тюмен полицияси 28 август куни вилоятдаги экстремизмнинг олдини олиш мақсадида кенг миқёсда рейд ўтказган.

Асосан қурилиш, саноат, савдо ва яшаш жойларида ўтказилган рейд давомида тахминан 700 нафар мигрант текширувдан ўтказилган.

Ички ишлар вазирлиги Тюмен вилоят бошқармаси матубот хизмати келтирган видеотасвирларда мигрантларнинг қўлларини орқага кўтартирган ҳолда бир қаторга тераётгани акс этган.

“Тюмен шаҳрида ушланган хорижликлар орасида фаолияти Россия ҳудудида таъқиқланган ва Олий суд томонидан террористик деб тан олинган “Туркистон исломий партияси”нинг икки нафар аъзоси ҳам бор”, - дейилади матбуот хизмати томонидан тарқатилган видеода.

Ушбу шахсларнинг қайси давлат фуқаролари эканлиги айтилмайди.

Бундан ташқари экстремистик деб топилган “Таблиғи жамоат” ташкилотининг тожикистонлик аъзоси ҳам ушлангани таъкидланмоқда.

Радикал оқимга тегишли эканлиги айтилаётган мигрантларнинг ишлаш жойидан рўйхатга олинмаган иккита намозхона ва унинг ичида Россия ҳудудида таъқиқланган диний адабиётлар топилган.

Бедарак кетганлар

Москвадан ҳуқуқбон Баҳром Ҳамроев Россия ҳудудида мигрантларни экстремистик гуруҳларда айбдор деб ушлаш ҳолати кенг тарқалганини айтади.

Ҳуқуқбонга кўра ,уларни тўлиқ ҳуқуқий жараён орқали аниқланади деб бўлмайди.

"Полиция томонидан бир нечта саволлар берилади. Уларнинг кийинган кийимлари ёки қўйиб олган соқолларига қараб ҳам тахминан айтаверишади.

Лекин полиция ходимларини уларнинг қайси оқимга алоқадорлиги кўп ҳам қизиқтирмайди", - дейди Баҳром Ҳамроев.

Унга кўра, полиция режани бажариш ва мигрантларни ёмонотлиқ қилиш учун ҳам уларни бирор диний оқимга тиркаб қўйиш ҳоллари учрайди.

Одатда бу каби айбловлар юзасидан очилган жиноий ишларда умуман бошқа айбловлар янграйди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзбекистонлик мигрантларнинг Россия ҳудудида бу каби айбловлар билан ушланиши ва мана шу ерда суд қилиниши уларни ўғирлаш ҳоллари билан солиштирганда енгил қутилиш эканлигини айтади.

"Жуда ҳам кўп одам йўқолган, менда рўйхат пайдо бўлган. Сурхондарё, Қашқадарё ва Тожикистоннинг бошқа шаҳарларидан жуда ҳам кўп йигитларни ўғирлаб кетишган. Сўнгги бир ойнинг ичида 18 та одам йўқолган. Ўзбекистонга ўғирлаб кетишган", - дейди Баҳром Ҳамроев.

18 нафар одамнинг ўғирланиши фақат Ҳамроев фаолият юритадиган "Мемориал"га аниқ бўлган ҳолатлар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари уларга ноъмалум қолаётган ўғирлик ҳолатлари бундан бир неча маротаба кўп бўлиши мумкинлигини айтишади.