Тожикистон: президентлик сайлови 6 ноябрга белгиланди

Тожикистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари ялпи мажлисида келгуси президентлик сайловининг муддати тайин қилинди.

Шу йилнинг 6 ноябри куни Тожикистонда президентлик сайловида овоз бериш куни деб эълон қилинди.

6 ноябр Тожикистон конститиуцияси қабул қилинган кун ва мамлакатда дам олиш куни ҳисобланади.

Душанбе шаҳридаги ялпи мажлисда қуйи палата раиси Шукуржон Зуҳуров ушбу таклифни илгари сурган ва Тожикистон сенаторлари ва парламент аъзоларининг кўпчилиги навбатдаги президентлик сайлови кунини ёқлаб овоз берганлар.

Энди Тожикистон сайлов комиссияси президентликка номзодларни рўйхатга олиши мумкин.

Тожикистонни 1992 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Имомали Раҳмон бу гал ҳам ўз номзодини илгари суради деб кутилмоқда.

Шу йил апрел ойида Тожикистон президентининг Брюсселга сафари пайтида матбуот анжумани ўтказилган ва жаноб Раҳмонга кейинги президентлик сайловидаги иштирокига тааллуқли савол берилган эди.

Президент Имомали Раҳмон бу сайловда қатнашиш-қатнашмаслик ҳақида бир қарорга келмагани ҳақида айтган, бироқ бу сайлов шаффоф, эркин ва демократик сайлов бўлишига ҳаммани ишонтириши ҳақида гапирган эди.

Мухбирларга кўра, ҳали жаноб Раҳмон ўз қарорини эълон қилмаган бўлса-да, охирги ойларда унинг ижтимоий фаоллигини оширгани кузатилмоқда.

Президент Раҳмон туман ва шаҳарларга сафарлар уюштирмоқда, оддий одамлар билан учрашмоқда, муҳтож оилаларга хайриялар улашмоқда ва янги иншоотларни фойдаланишга топшириш маросимларида қатнашмоқда.

Давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари жаноб Раҳмонни тарғиб қилишни бошлаган, бу амаллар эса хусусий оммавий ахборот воситалари ва мухолифат томонидан танқидларга тутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ