Олма-отадаги тўполон нимадан келиб чиқди?

Image caption Тартибсизликлар кечки соат 9 ларда бошланган.

Олма-Ота шаҳар полициясининг хабар беришича, 31 август кечаси бўлиб ўтган тартибсизликларга алоқадорликда гумонланиб 107 киши ушланган. Улар шаҳардаги тўртта туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Воқеа жойидан мухбирларнинг айтишича, қўлга олинганлар бундан кўп бўлиши мумкин ва ҳодисага алоқаси бўлмаган одамларни ҳам қўлга олишган.

10 дан ортиқ одамнинг жароҳатлангани айтилмоқда. Жароҳат олганларнинг асосий қисми тош ва турли предметлардан зарарланган полиция ходимлари эканлиги маълум. Расмий маълумотларга кўра ҳеч ким ўлмаган.

Тартибсизликлар кечки соат 9 атрофида Олма-Отанинг Бишкек йўналишидаги чекка қисмида жойлашган “Прайм Плаза” савдо кўнгилочар марказининг майдончасида бошланган.

Ўша вақти караоке фестивалининг финал қисми ўтаётган бўлган.

Фестивални Қозоғистон ёшларининг суюкли хонандаси Қайрат Нуртас якунлаб бериши кутилган.

Ижтимоий тармоқларга қўйилган видеолардан англаш мумкинки, Қайрат Нуртас ўзининг илк қўшиғини айтаётган маҳал тўда саҳнага яқинроқ келишга интила бошлайди ва одамлар орасидан саҳнага қараб бир нарса отилади.

Концерт бошловчиси, журналист Данияр Батирбаев тўдани тинчлантиришга ҳаракат қилган одамлардан.

“Саҳнага супер мега юлдуз Қайрат Нуртас чиқишини эълон қилишимиз билан оломон саҳнага интила бошлади. Ўртадаги тўсиқлар сина бошлади. Одамлар саҳнага яқинлаша бошлагач, соқчилар хонандани олиб кетишди. Мен саҳнада туриб одамларни тинчлантиришга ҳаракат қилдим. Дўстлар концерт тугади, уйларингга кетинглар, дедим. Аввалига баклашкалар, кейин шишалар учиб кела бошлади”, - дейди Данияр Батирбаев.

Концерт очиқ майдонда бўлиб ўтган ва унга кириш учун пул олинмаган. Турли манбааларда томошабинларнинг сони 2 мингдан 5 минггача эканлиги айтилмоқда.

Концерт тўхтатилганидан ғазабга келган оломон савдо мажмуасига тош ота бошлаган. Тартибни сақлашга келган полиция ходимлари ҳам турли предметлардан яраланган.

Кейин полиция кучларидан қочган тўда йўлида учраган бир машинани ёқиб тўполон уюштирган.

Ҳодиса жойини 2 мингдан ортиқ полиция махсус кучлари ўраб олган ва тозалаш ишларини ўтказган.

Воқеа юзасидан “Безорилик” бўйича жиноий иш очилган.

Ҳодиса жойига етиб келган Олма-Ота шаҳар ҳокими тартибсизликлар учун концертни уюштирган савдо уйини айблаб чиққан.

“Бу ўзбошимчалик билан ушбу савдо уйи раҳбарияти томонидан ташкил қилинган концерт. Ҳеч қандай келишув бўлмаганидан сўнг улар албатта жазоланади. Менга айтишларича, бу нарса тартибсиз равишда келиб чиққан, ҳеч қандай тайёргарлик бўлмаган. Билбордни синдиришган, ариқлардан тошларни олишган. Олдиндан режалаштирилган деб айтишга ҳали эрта”, деган Аҳметжан Есимов.

Энг обрўли тўй

Тўполонлар бўлиб турган бир маҳалда Олма-Отанинг иккинчи бир чеккасида, тоғ ёнбағридаги энг ҳашаматли меҳмонхоналардан бири бўлмиш Royal Tulip да президент Назарбоев неварасини уйлантираётган бўлган.

Нурсултон Назарбоевнинг бошчилигида ўтган Айсултан Назарбоевнинг уйланиш тўйи бир неча миллион долларга тушгани айтилмоқда.

Тўйда дунёнинг юлдуз хонандалари Бейонс, Канье Уэста, Туркиядан Мустафа Сандал, Вахтанг Кикабидзе, актёр Геннадий Хазанов, пародиячи Максим Галкин ва бошқа кўплаб таниқли юлдузлар иштирок этиши кутилган эди.

Президентнинг тўнғич қизи Дариға Назарбаева ва қувғиндаги куёви Роҳат Алиевнинг 23 ёшли ўғли Айсултан Назарбоевнинг тўйига бобоси келиши муносабати билан шаҳарнинг бир қисмида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ