Олма-отадаги тартибсизликларда концерт ташкилотчилари айбланди

Image caption Хонандага кўра очиқ майдонда текин концерт ташкил қилинганидан сўнг, хавфсизлик чоралари кўриб қўйилиши керак эди.

31 август куни Олма-отада оммавий тартибсизликлар бошланишидан сал олдин қўшиқ куйлаган хонанда Қайрат Нуртас ҳамма айбни ташкилотчиларга юклаган.

Хонанда мухлисларнинг жуда кўп бўлгани ва ташкилотчилар тадбирни ўтказиш учун хавфсизликни таъминлай олмаганини таъкидлаган.

Тартибсизликлар натижасида 160 дан ортиқ томошабин қўлга олинган. Уларнинг айримлари қўйиб юборилгани айтилмоқда.

Олма ота чеккасидаги Прайм плаза савдо ва кўнгил очар марказида ёшларнинг суюкли хонандаси Қайрат Нуртаснинг куйлаши саҳнага предмет отилганидан сўнг тўхтаб қолган.

Ташкилотчилар хонандага янада яқинроқ келишга интилаётган ва бунинг учун олдинда турган тўсиқларни бирин кетин бузиб келаётган томошабинларни тўхтатишга уринади. Бироқ майдончани тўлдириб турган 5 минган ортиқ оломон ўртада турган саҳнани қисиб келаверади ва овоз кучайтиргачларни қулата бошлайди.

“Саҳнага етиб олишимнинг ўзи қийин бўлди. 2 минг одам деб жуда ҳам кам айтишди. У ерда камида 5-6 минг одам бор эди. 6 чоғли соқчи мени саҳнага етказгунча анча қийналишди. Чунки кимдир сочимдан, яна кимдир бошимдан ушларди. Томошабинларни айблай олмайман, чунки улар яхши кўрганидан шундай қилди”, - дейди Қайрат Нуртас.

Хонандага кўра очиқ майдонда текин концерт ташкил қилинганидан сўнг, хавфсизлик чоралари кўриб қўйилиши ва томошабинларнинг саҳнага чиқиб кетмаслиги учун тадбирлар олиниши керак эди.

Қайрат Нуртас шунингдек, бу унинг яккахон концерти эмаслигини, ташкилотчилар кўпроқ одам йиғиш учун реклама билбордларида фақат унинг расмидан фойдаланганини танқид қилиб чиқди.

Прайм плаза савдо ва кўнгилочар мажмуасида тўпалон бўлган кечада караоке фестивалининг финали бўлиши керак эди.

Олма-отада мижозларни кўпроқ жалб қилиш учун савдо ва кўнгилочар мажмуалари мана шундай текин концертларни тез тез ўтказиб туради.

Қайрат Нуртас иштирок этган концертга Олма-ота вилоятининг қишлоқ ва туманларидан кўплаб ёшлар келгани айтилмоқда.

Ўз навбатида прокуратура савдо маркази ушбу тадбирни ўтказишга ҳокимиятдан махсус рухсатнома олмаганини таъкидлаган. Савдо маркази раҳбариятига нисбатан ташкилотчи сифатида жиноий иш очилган.

Бироқ “Прайм плаза” савдо мажмуаси раҳбарияти ушбу айбловларни рад этиб чиқди. Марказ концертдан бир неча кун олдин хавфсизликни таъминлашда кўмак кўрсатишни сўраб Ауэзов туман ҳокимиятига хат юборган. Бир кун ўтиб ҳокимиятдан аризани қондириш ҳақида жавоб олинган.

Савдо маркази раҳбарияти ўша куни тартибни сақлаш учун ички ишлар департаментининг 150 та ички таркиби ва савдо марказининг 50 га яқин ходими жалб қилинганини айтган.

Полиция тартибсизликлар давомида 165 кишини ҳибсга олган. Уларнинг кўпчилиги илк сўроқдан сўнг қўйиб юборилгани айтилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ