Хитойни кўпроқ нима ўйлантираяпти: хавфсизликми ё иқтисод?

Хитой Президенти Ши Жинпингнинг Марказий Осиё республикалари бўйлаб сафари бошланмоқда.

У Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда бўлади.

Бу жаноб Ши шу йил март ойида ўз лавозимини эгаллаганидан минтақага илк сафаридир.

Аксар таҳлилчилар фикрича, Хитойнинг минтақа мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлиги ва Афғонистон билан боғлиқ хавфсизлик вазияти расмий Пекин учун энг муҳим масалалардир.

Хитой президентининг Марказий Осиё мамлакатларига сафари Афғонистондан хорижий қўшинлар чиқиб кетиши минтақани беқарорлаштириши мумкин деган хавотирлар янграётган бир пайтда амалга оширилмоқда.

Бундай хавотир Хитойда ҳам бор.

Мамлакат раҳбарлари 2014 йилдан кейин Афғонистон хавфсизлик кучлари мамлакатдаги амниятни таъминлай олмайдилар, мутаассиб исломий жангарилар Афғонистон сарҳадларидан ошиб ўтиб, Хитой чегараларигача ҳам келиб қолишлари мумкин, дея хавотирланадилар.

Шу пайтгача Афғонистондаги хорижий қўшинларга қарши жангларга эътиборини қаратган исломийлар минтақа мамлакатлари ҳудудларига тарқалиб, шундоғам мўрт Марказий Осиё республикалари аҳволини янада оғирлаштириши эҳтимолини Пекиндагилар ҳам назарда тутадилар.

Шанхайдаги Хорижий тадқиқотлар институти таҳлилчиси Ли Син айтишича, Пекин учун фаровон, тинч ва барқарор Марказий Осиё ўта муҳим.

Хитой Марказий Осиёни тобора ортиб бораётган хомашё эҳтиёжини қондириш манбаси ҳамда тобора кенгайиб бораётган тайёр маҳсулотларининг бозори сифатида кўради.

Президенти Ши Жинпинг сафари 3 сентябр куни Ашхободдан бошланиши хабар қилинган, шундан кейин у Остона, Тошкент ва Бишкекка йўл олади.

У бир неча кунни Қирғизистонда ўтказади.

Қирғизистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг йиллик саммити режаланган.

Хитой 2010 йилда Оврўпо Иттифоқини Марказий Осиёнинг энг йирик савдо шериги деган қатордан сиқиб чиқарди ва кейинги йил минтақанинг беш мамлакати билан олди-бердиси 40 миллиард долларни ташкил этди.

Бунинг асосий қисми Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан Хитойга узанган нефт ва газ қувурлари орқалидир.

Хитой кўплаб иқтисодий ёрдамларни бермоқда, минтақа мамлакатлари жуда муҳтож бўлган сармоялар ва лойиҳаларга бош қўшган.

Шундай лойиҳалардан бири Тожикистонни Хитой билан боғлайдиган узунлиги 2 километрдан зиёд Шар-Шар туннелидир.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой учун бу минтақага киритган сармояларини муҳофаза қилишдан ҳам кўра кўпроқ мусулмон Уйғур радикалларининг уларнинг ўз ватани Шинжонга йўлларини тўсиш муҳимдир.

Афғонистон ва Покистондаги Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий ҳаракати сафларида жанг қилаётган уйғурлар Хитой ҳукуматига қарши бош кўтарганларини эълон қилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ