Қирғиз мухолифати Норин дарёсини заҳарламоқчи бўлдими?

Image caption Мухолифат оммавий тартибсизлик ва давлат тўнтаришини уюштиришга уринишда айбланган.

Қирғизистон Давлат телевидениесида мухолифат фаоллари давлат тўнтаришига уринишда айбланган кўрсатув намойиш қилинган.

Қирғиз махсус хизматлари мухолифатнинг оммавий тартибсизликлар уюштириш йўли билан давлатни босиб олиш режасини фош этганликларини айтишмоқда.

Кўрсатувда мухолифат фаоллари Норин дарёсига заҳарли кимёвий модда оқизиб, ҳодисада "Қумтор" олтин корхонасини айблашни режалаганликлари даъво қилинади.

Қирғиз мухолифати ушбу айбловларни қатъиян рад этган.

Кўрсатув аҳоли орасида шов-шувларга сабаб бўлган.

Норин вилоятида ўтказилган оммавий тадбир ташкилотчиларидан бири, собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов хавфсизлик идораси баёнотини ва намойиш этилган видео тасвирини “сохталаштирилган” ва “иғвогарлик ҳаракати” дея таърифлаган.

Жекшенқулов видеода эълон килинган иддаоларга фикр билдираркан, собик президент Курманбек Бакиев даврида хам уни йўқотишга интилишганини эслаган.

Видеода шунингдек ёшлар ҳаракати фаоли ва курултой ташкилотчиларидан бири Эрланбек Умиралиев бир қатор мухолифат аъзоларини давлат тўнтаришига тайёргарликда айблаган.

Собик ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов Эрланбек Умиралиевга бирор алокаси йўқлиги, видеода айтилгандай, у билан қариндош-уруғ ҳам эмаслигини билдирган.

Жекшенқуловга кўра, олдинроқ Умиралиев ундан пул сўраган ва яқинрок танишишни истаган.

Мухолифат фаоли масалани етарли ўрганмасдан Миллий телевидение оркали кўрсатув намойиш этилганлигини “расвогарчилик”, деб атаган.

Қирғизистон парламентининг мухолифатдаги партияси фракцияси собик депутати Содир Жапаров ҳам Норин дарёсига заҳар қўшиш ҳақидаги гапларни "бемаъни" деган.

Бундан бир хафта олдин Қирғизистон Милий телевидениеси Иссиқ-Кўл вилоятининг иккита фуқароси, жиноий доираларига алокадор бўлган шахслар Канаданинг “Центерра Голд” ширкати ишлатаётган “Қум-Тор” олтин корхонаси раҳбарларидан бирини пўписа қилиб, уч миллион АКШ доллари микдорида пура ундираётганлигини махфий ҳолатда видеога олгани ҳақида хабарлар чиққан.

Хавфсизлик ходимлари видеода таҳдид килган шахслар ортида баъзи мухолиф сиёсатчилар турганлигини иддао қилган.

Хукумат вакиллари аввалроқ содир этилган оммавий тартибсизликка ҳам мухолифатни бевосита алоқадорлигини айтишган.