Хитой матбуоти: Шанхай ташкилоти Сурия тарафини оладими?

Image caption Хитой раҳбарининг Марказий Осиё мамлакатларига сафари Ашхободдан бошланди.

Хитойдаги оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Президент Ши Жинпингнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафари кун тартибидаги асосий мавзулардан бири Суриядаги инқироздир.

3 август куни Хитой Президенти Ши Жинпингнинг Ашхободга ташрифи доирасида Туркманистондан Хитойга газ экспортини икки баробар оширишга доир битим имзоланган.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Хитой Президенти Ши Жинпинг икки мамлакат ўзаро муносабатларига алоқадор яна қатор ҳужжатларни имзолаганлар.

Улардан энг муҳими Туркман газини Хитойга етаказишни янада кўпайтиришга доир шартнома бўлган.

Хабар қилинишича, 2020 йилга бориб Туркманистон Хитойга йилига 65 миллион кубометр газ экcпорт қилади.

Ҳозирги пайтда бир йиллик экспорт ҳажми 25 миллион кубометрни ташкил этиб турипти.

Ашхободда тақдим этилган янги лойиҳага кўра, Туркманистоннинг Қалқиниш конидан Хитойга узанадиган янги газ қувури лойиҳаси тақдим этилган.

Бундан кейин икки мамлакат ҳамкорлиги стратегик шериклик миқёсига кўтарилгани хабар қилинмоқда.

Туркманистондан кейин Президент Ши Жинпинг Россиянинг Санкт-Петербургига йирик 20 лик саммитига йўл олган.

Шундан кейин у Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрмоқчи, Қирғизистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида иштирок этади.

Image caption Хитой билан Туркманистон ҳамкорликларини стратегик шериклик даражасига кўтарганлар.

Хитойда нашр қилинадиган нашрлар жаноб Шининг Марказий Осиё ва Россиядаги мулоқотлари асосий мавзуларидан бири Сурия инқирози деб ёзмоқда.

Мухбирларнинг ёзишича, Шанхай ташкилоти хавфсизлик борасидаги ҳамкорлик ва савдо-сотиққа эътибор қаратган ташкилот эканига қарамасдан, Хитойнинг давлат назоратидаги айрим оммавий ахборот воситалари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини Сурия тарафда туришга чақирганлар.

"Эрон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг кузатувчи давлати ва Эрон билан Россия Суриянинг асосий иттифоқчилари. Шундай экан, Шанхай ташкилоти саммити Суриядаги ҳозирги тартибсизликда мавқени эгаллаши керак", деб ёзган Хитойдаги "Халқ рўзномаси"нинг хорижга мўлжалланган нашри веб-сайтидаги шарҳда.

Хитой матбуоти АҚШни БМТ маъқулловисиз Сурия ҳукумат кучларига ҳарбий ҳужумларни бошламасликка чақирган.

Айни пайтда Хитой матбуоти Сурия ҳукумат кучлари кимёвий қуролни ишга солдилар деган АҚШнинг далиллари яроқли-яроқсизлигини савол остига олмоқда.

"Биз Сурияда кимёвий қуролни ким ишга солганини билмаймиз. Бироқ биз АҚШ ва Франция тақдим қилган исботлар чиндан ҳам шубҳали эканини айтишимиз керак", деб ёзган инглиз тилида нашр қилинадиган Global Times рўзномаси.

Бу мавзуда батафсилроқ