Қозоқ журналистини давлат тилида сўзлашишни талаб қилгани учун қамашдими?

Image caption Ҳодиса Туркиядан Қозоғистонга учиб келган учоқда юз берган.

Қозоғистонда чиқадиган журналнинг бош муҳаррири учоқда тўполон қилгани учун 3 кеча-кундузга қамалган.

Бош муҳаррир унинг қамалишига қозоқ тилида гаплашишни талаб қилгани сабаб бўлганини айтмоқда.

Қозоғистонда 75 минг нусхада чоп этиладиган “Юлдузлар оиласи” журнали бош муҳаррири Жарилқап Қалибай 26 август куни Қозоғистоннинг Скат авиаширкати учоғида Анталиядан Олма отага учиб келгач қўлга олинган.

Гувоҳлар ва стюардессалар бош муҳаррир учоқда тўполон қилганини ва учишга халақит берганини айтганлар.

Бироқ оиласи билан учиб келган Жарилқап Қалибай унга нисбатан маъмурий иш қозоқ тилида сўзлашни талаб қилгани учун очилганини айтмоқда.

“Мен боламни юпатиб, сиркам сув кўтармай жаҳлим чиқиб турганди. Стюард бўлса бир марта келиб туртиб кетди, икки марта туртди. Учинчи марта томат шарбатини устимга тўкиб юборди. Бу нима қилганинг, десам “говорите на русском”, деб жавоб берди”, - дейди Жарилқап Қалибай маҳаллий телеканалга берган интервюсида.

Бироқ Скат авиаширкати ҳодисанинг умуман бошқача бўлганини таъкидламоқда. Ширкатнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Виктория Улянова Би-би-сига йўловчи ўзини агрессив тутиб парвозга ҳалақит берганини айтди.

“Учоқ салонида туриб йўловчи ўзини борт проводникларига нисбатан агрессив ва нолойиқ тутди. Ушбу факт парвознинг хавфсизлигига таҳдид солди. Хизмат кўрсатишга халақит қилди ва қолган йўловчиларга ноқулайлик туғдирди”, - дейди Виктория Улянова.

Шундан сўнг учоқ Олма отага қўнгач ширкат ходимлари полицияни чақиришга ва гувоҳларни сўроқ қилдиришга қарор қилади. Натижада бош муҳаррир айбдор деб топилди.

Бош муҳаррирнинг уч кунга қамалиши қозоқ тилли ижтимоий тармоқларда кескин муносабатларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар бош муҳаррирнинг қозоқ тилида гаплашишни талаб қилгани учун жазоланганига ишонар ва ширкатни давлат тилига ҳурматматсизликда айбларди.

Баҳсларга қозоқ зиёлилари ҳам қўшилди. Сиёсатшунос Расул Жумали фэйсбукдаги саҳифасида Қозоғистоннинг фуқароси сифати мурожаатнома қолдирди. Расул Жумалии ярим йил олдин Скат ширкати билан боғлиқ иккита фожеа содир бўлган бўлса ҳам унинг жазосиз қолиб кетаётганидан жунбушга келган.

“Аниқ бўлишича, ушбу ширкат жазоланмаслигига қаттиқ ишониб юборганидан давлатимизнинг асоси бўлмиш Қозоғистон Конституциясини топтамоқда! Вазият шунга етиб бордики, давлат тилида хизмат кўрсатишни талаб қилган фуқароларимиз қамоққа тиқилмоқда. Қозоғистонда ким хўжайин? Давлатми ёки Скат?”, - дейилади мурожаатда.

Авиаширкатнинг жамотчилик билан ишловчи маъсули учоқда қозоқ тили билан боғлиқ муаммо бўлмаганини таъкидлади. Унга кўра бош муҳаррирга хизмат қилган стюрдессанинг она тили қозоқ ва бу тилда бемалол сўзлаша олади.

“Борт проводникларимизга нисбатан тил борасида талабларимиз бор. Ҳар бир ходимимиз қозоқ, рус ва инглиз тилини билишга мажбур. Камида сўзлашув даражасида билишади”, - дейди Виктория Улянова.

Авиаширкат масъулининг айтганларини zakon.kz ахборот агентлигига гапирган гувоҳлар ҳам тасдиқлаган.

Бош муҳарри билан ёнма ён ўтирган Гулмира исмли йўловчининг айтишича, Жарилқап Қалибай парвоз давомида таъқиқланган бўлишига қарамасдан спирли ичимлик истеъмол қилганини ва ўзини жуда ҳам қўпол тутганини айтади.

“Стюардесса ундан нима ичишини исташини сўради. Эркак унга қозоқ тилида гапиришини талаб қилди. Шу ондан бошлаб ҳамма стюардессалар унга фақат қозоқча гапирди. Боласи ухлагунча у менга виски ичишни таклиф қилди. Мен рад этдим. У очилган шишадан учоқда бериладиган стаканга қуйиб ича бошлади”, - дейди Гулмира.

Гулмиранинг қўшимча қилишича, парвоз давомида бош муҳаррир ўзини жуда қўпол тутган ва ундан ўтиришни талаб қилган стюардни туртиб юборган.

Бошқа гувоҳлар ҳам Жарилқап Қалибайнинг ўзини нолойиқ тутганини тасдиқлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ