Покистоннинг Тираҳида ўзбек жангарилари ҳам ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Покистон хавфсизлик кучлари водийда юздан ортиқ Толибон жангарисини ўлдириб, ўнлабини яралашган. Уларнинг орасида ўзбек жангарилари ҳам бор.

Генерал майор Ҳумоюн Азизнинг билдиришича, 22 кунлик ҳарбий амалиёт ортидан, Тираҳ жангарилардан тозаланган ва у ерда Покистон ҳукумати назорати ўрнатилган.

Покистонлик қўмондонга кўра, водийдаги қолган жангарилар қўшни Покистонга қочиб ўтишган.

Генерал майор ўлдирилган жангарилардан 14 нафари хорижлик ўзбеклар эканини даъво қилган.

Бироқ, Пешовардаги мухбиримизга кўра, водий жуда олисда жойлашгани боис, ҳарбий амалиётларга оид барча тафсилотларни ҳам мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи йўқ.

"Генерал ўзбек жангарилари деб айтган шахсларнинг исм-шарифларини келтиргани йўқ, қайси давлатдан эканликларини ҳам айтмади. Одатда, ўзбек жангарилари Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари бўлиб келишган", дейди мухбиримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзай.

Аммо, мухбиримизга кўра, Тираҳ водийсида қанча сонда хорижий жангарилар бўлгани ва ким эканликлари борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Тираҳ

Тираҳ Покистоннинг анчайин чекка, тоғли, ўрмонзор, бироқ ҳукумат назорати бўлмаган, хавфсизлик кучларининг бориши қийин бўлган минтақаси саналиб келинган.

Водий стратегик жиҳатдан ҳам жангариларга жуда муҳим бўлган. Мухбиримизга кўра, улар водий орқали осонлик билан Афғонистоннинг шарқий вилоятларига кесиб ўтишган.

Тираҳ жангариларга Нато кучлари фойдаланувчи ва тижорат учун муҳим бўлган Пешовар-Жалолобод- Кобул шоҳ йўлини назорат этиш имконини берган.

Бу ердан турли жангари гуруҳлар бошпана топиб келишган, тоғли ҳудудларида ўз базаларини ташкил қилишган.

Агар, покистонлик ҳарбийларнинг сўзларига таянилса, дастлаб Тираҳда мингдан бир ярим мингтагача жангари бор, деб гумон қилишган.

Аммо жанглар чоғи уларнинг сони беш юздан ортмаслиги маълум бўлди, деб айтган генерал майор.

Ҳарбий амалиётлар Тираҳ водийсининг Майдон ва Боғ ҳудудларидаги 100 га яқин қишлоқда олиб борилган.

Ҳарбийларга кўра, жангарилар у ердаги ҳовли-жойлар аксариятининг кулини кўкка совуришган.

Жангарилар

Аён бўлишича, бу ерлардан Покистоннинг Бажаур, Свот, Моҳманд ва Ўрикзай минтақаларидаги бошқа исёнчи гуруҳларга алоқаси бўлган Толибон жангарилари бошпана топиб келишган.

Ҳарбий амалиётлар чоғида Покистон ҳукумат кучларига қаршилик қилган бир қанча сондаги жангариларнинг қўлга олинганликлари ҳам айтилмоқда.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аксарият аъзолари Американинг 2001 йилдаги ҳарбий амалиётлари ортидан, Покистоннинг қавмлар яшовчи Жанубий Вазиристон минтақасидан бошпана топишганди.

Аммо, кейинчалик, Покистон ҳукумат кучларининг ҳарбий амалиётлари ва маҳаллий қавм жангариларининг қаршиликлари сабаб, Шимолий Вазиристонга қочиб ўтишганди.

Сўнгги йилларда эса, улардан кўпчилигининг Афғонистоннинг шимолий вилоятларига кесиб ўтишга муваффақ бўлишгани айтилади.

Пешовардаги мухбиримизга кўра, Покистонда қолган айрим ўзбек жангарилари дрон ҳужумларидан жон сақлаш учун Тираҳ водийсига борган бўлишлари мумкин.

Генерал майор Ҳумоюн Азизнинг айтишича, жанглар сабаб, Тираҳ водийсини 40.000 киши ташлаб чиққан.

Унга кўра, ҳозир бу қочқинларни имкон қадар тезликда ўз уйларига қайтариш, келаси ярим йил ичида турли, шу жумладан, молиявий ёрдам бериш учун БМТ дохил турли халқаро ташкилотлар билан иш олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Гуруҳнинг фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган экспертларга кўра, уларнинг бугунги фаолиятларига оид янги ва 100 % ишончли маълумот йўқ.

Аммо уларнинг Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасидан Афғонистон шимолига ўтишга уринаётганликларига оид хабарлар бор.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бундан 10 йил бурун Афғонистоннинг Америка бошчилигидаги ишғоли ортидан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларига қочиб ўтишга мажбур бўлишганди.

Нато ҳам ўтган бир неча йил давомида Афғонистоннинг Қундуз дохил қатор шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг лидерлари ва аъзоларини ўлдиргани ёки қўлга олганини даъво этиб келади.

Гуруҳнинг Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам бор.

Ҳаракатнинг фаолиятини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган покистонлик журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, сўнгги йилларда улар Афғонистон орқали Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга уринишмоқда.

Аммо, шуниси аёнки, йўлбошчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти анча заифлашган ва ҳужумларининг суръатию кўлами ҳам аввалгидек эмас.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бугун Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг сонини бир неча юзта дейиш мумкин.

Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан бир йил ўтиб, 2010 йилнинг сентябр ойида унинг куёви Усмон Одил Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари этиб тайинланган.

Аммо ўтган йили май ойида дрон ҳужумида қурбон бўлиши ортидан, унинг ўрнини Усмон Ғозий исмли шахс эгаллагани айтилганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистон ва Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳамда "Ҳаққоний" жангари гуруҳининг қўллови билан ҳаракат қилишади.