Хитой раҳбарини Марказий Осиёга қандай манфаатлар бошлаб келди?

Хитой Президенти Ши Жинпингнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланган.

Бугун икки давлат раҳбарлари учрашган. Синхуа ахборот агентлигининг хабар беришича президентлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва бир қатор халқаро ҳамда минтақавий масалаларни муҳокама қилган.

Ўзбекистон Ши Жинпингнинг Марказий Осиё бўйлаб сафар қилаётган учинчи давлатидир.

Хитой раҳбари бундан олдин Туркманистон ва Қозоғистонда бўлди. У Тошкентдан Бишкекка йўл олади.

Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра Хитой раҳбарининг ташрифи муносабати билан пойтахтда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилган. Ўзаро учрашувлар давомида икки томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш ҳақида суҳбат бўлгани айтилмоқда.

Хитой Ўзбекистон орқали туркман газини импорт қилиш соҳасига сармоя киритган. Ушбу қувурлар орқали Ўзбекистон ҳам Хитойга газ экспорт қилишни йўлга қўйган.

Шунингдек, Хитойнинг Ўзбекистонда темир йўл қурилиши лойиҳаларига ҳам қизиқиш билдиргани айтилади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Хитой раҳбарининг Марказий Осиё давлатларига давлат ташрифи рамзий маънога эга эканлигини айтади.

- Ҳозирги ташриф, менимча, кўпроқ рамзий маънога эга. Чунки Хитойнинг янги раҳбари Марказий Осиёга келган вақти фақатгина Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг йиғилиши билан чекланмасдан, йўл йўлакай расмий ташрифлар билан пойтахтларга бориб дипломатик мессаж бериб айланиб чиқади. Бундан ортиқ йирик лойиҳалар тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - дейди Фарҳод Толипов.

Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Александр Князев Хитойнинг Марказий Осиёга сиёсати шу вақтгача маълум йўналишлар бўйича аниқ характерга эга бўлган бўлса, энди у минтақани иқтисодий жиҳатдан кенг миқёсда қамраб олишга киришмоқда.

“Ашхобод ва Остонага қилинган ташрифларнинг натижасидан кўриниб турибдики, катта миқёсда сармоя киритиш борасида таклифлар бўлади. Бу энергия заҳираларига боғлиқ сармоялардир. Қозоғистоннинг Қашаған нефт конига ва туркман газини етказиб беришни янада кўпайтиришга киритиладиган маблағдир. Бишкекда ҳам элетроэнергетика масаласи бўйича муҳокамалар бўлиши мумкин”, - дейди Александр Князев.

Князев жанобларига кўра Хитой Марказий Осиёни бундан буён ҳам иқтисодий жиҳатдан эгаллашда керак бўладиган инфраструктура учун пулни аямайди ва транспорт соҳасига ҳам йирик сармоя ётқизилади.

Сиёсатшунос Хитой раҳбарининг Тожикистонга сафар қилмаганига эътибор қаратади ва буни Тожикистоннинг қўшниларига қараганда Хитой таъсирига кўпроқ тушиб қолгани билан изоҳлайди.

Таҳлилчилар Хитой билан ҳамкорликда ушбу бой ва қудратли қўшнининг таъсир доирасига тушиб қолмаслик ва максимал фойда кўриш муҳим ютуқ эканлигини урғулашади.

Қозоғистонлик фаоллар ҳукуматни Хитой таъсирига тушиб қолишда айблашади. Бундан сал олдинроқ Хитой билан виза алоқаларини бекор қилиш ҳақидаги ташаббус кескин танқидларга сабаб бўлди. Айни кунларда эса Қозоғистоннинг бўш ётган ерларини Хитойга ижарага бериш таклифи кескин муносабатларга сабаб бўлмоқда.

Таҳлилчи Александр Князев Остонада Қашаған нефт конининг бир қисм улушлари Хитойга сотилганини мувафаққият дея баҳоламоқда.

“Остонада Қашаған бўйича имзоланган ҳужжатлар Қозоғистон манфаатларига зид келмайди. Аксинча Қашаған кони бўйича ташқи таъсирни мувофиқлаштиришга эришди. Олдин ушбу лойиҳада ғарб ширкатлари ўз сўзини айтган бўлса, энди Хитой ширкати ҳам қўшилди. Бу кўпвекторли сиёсатнинг моҳирона олиб борилиши натижасидир”, - дейди Александр Князев.

Сиёсатшуносга кўра Хитой билан муносабатларда гап кўпроқ Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўз манфаатларини ҳимоя қила олишига боғлиқ.

Александр Князев Хитой билан алоқаларда давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида минтақада ҳозирча Ўзбекистонга тенг келадигани йўқлиги таъкидлади.

Бу мавзуда батафсилроқ