Қозоғистон чегарачилари ўзбекистонлик қонунбузарларни қўлга олган

Қозоғистон чегарачилари 117 нафар ўзбекистонлик қонунбузарларни қўлга олган.

Чегара хизмати тарқатган хабарга кўра ушбу фуқаролар Қозоғистон ҳудудида юришга рухсат берувчи ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган.

Қозоғистонга ўзбекистонликлар асосан ишлаш учун келади ва ушбу жараённи қонунлаштиришнинг деярли имкони бўлмагани учун ноқонуий равишда юришга мажбур бўлади.

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати тарқатган хабарга кўра Ўзбекистоннинг 117 фуқароси ўз ватанларига ўтаётганда қўлга олинган.

Қўлга олинган 117 кишидан 23 таси белгиланган муддатда Қозоғистонни тарк этмаган. Қолган 93 таси миграцион полиция органларида умуман рўйхатдан ўтмаган. Ушланганлар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Асосан ишлаш учун келадиган ўзбек фуқароларининг деярли аксарияти қонунни бузиб юришга мажбурлиги айтилади. Назорат ва чегарадан ўтиш вақтида эса пул бериш билан қутилишади.

Исми ўзгартирилган Нодир ака Остонада ишлайди. Кўп қатори у ҳам миграцион ҳужжатини тегишли идорадан рўйхатдан ўтказмайди. Ватанига бориб келиш ҳар сафар саргузаштларга бой бўлади. Бундан бир ой олдинги сафарида у минган автобусни полиция тўхтатган

“Автобус бирдан чапга бурилди-да, дала йўлга кириб 5-6 чақирим пастга тушиб бир нарсани кутди. Пардаларни очманглар, телефонларни ёқманглар, деди. У ердан чиқиб яна Остона томонга қараб қайтди. Кейин у ёққа ўтди, бу ёққа ўтди. Хуллас олдидан чиқиб ушлашди, жанжал бўлиб кетди. Полиция Биз 10 олмасак бўлмайди, дейишди. 10 тани олиб УАЗикка босиб жўнатди. Қайтиб келиб яна 15 тани босди. Охири 35 та одамни олиб кетди. Аёлларни ҳурмат қилди, шекилли, ҳужжати бўлмаса ҳам қолдирди”, - дейди Нодир ака.

Нодир ака Ўзбекистонга бориш учун автобус маъмурига йўл ҳақидан ташқари қўшимча 50 доллар беради. Ушбу 50 доллар йўлдаги турли текширувлар ва чегарадан эсон омон ўтиб олишга кафолат бўлиши керак. Бироқ автобуснинг ҳамма маъмурлари ҳам берган ваъдасида туролмайди. Нодир аканинг ўтган сафар қўлга олинишига сабаб полиция аталган пулни автобус ҳайдовчиси бермаган.

“Бизни милицияхонага олиб бориб қўйишди. Ўша ерда жаримада турган ва милициянинг бузуқ машиналари ичида тонг оттирдик. Ўша ердаги сержантдан, нимага ҳамма автобус кетиб биз қолдик, деб сўрадим. Сизларнинг старшиналаринг шунақа қилди, деди. 14 минг тангадан пул олганди, автобусда 70 одам бўлса, ҳеч бўлмаса 1000 тангадан берса ҳам ўзларига 13 минг қолардику, дедим. 20-30 минг танга берганида биз қўйиб юборардик, аммо унинг 10 тийин ҳам бергиси келгани йўқ, деб жавоб берди”, - дейди Нодир ака.

Суд қолганларни маъмурий жавобгарликка тортган Нодир аканинг ёшини инобатга олиб икки кун полиция идорасида ётганини жазо сифатида қабул қилган ва ҳеч қандай жаримасиз озодликка қўйиб юборган.

Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди юриш учун миграцион полиция 2 ойга рухсат беради. Икки ойдан кейин Қозоғистон чегарасидан чиқиб келишга мажбур бўлади. Аммо битта миграция қоғози учун ҳеч кимнинг ҳар икки ойда минглаб чақирим масофани босиб ўтишга истаги бўлмайди. Энг осон йўл ноқонуний равишда порасини бериб қутилишга ҳаракат қилишади.

Қирғизистон фуқаролари эса икки давлат ўртасидаги келишувга кўра 6 ойгача миграцион идоралардан рўйхатдан ўтиши мумкин.