'Ойнихол Бобоназаровани рўйхатга олишга қаршилик кўрсатилаяпти'

Image caption Ойнихол Бобоназарова Тожикистон мухолифатининг ягона номзоди сифатида илгари сурилган.

Тожикистон президентлиги сайловига Ойнихол Бобоназарова номзодини илгари сурган Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари ташкилоти хабар қилишича, мухолифатдан ягона номзодни Марказий Сайлов комиссиясида рўйхатдан ўтказишга қарши сунъий тўсиқлар ташкил қилинмоқда.

Тожикистонда президентлик сайлови 6 ноябр кунига тайинланган.

Мамлакатдаги ўз номзодини истаган партиялар эса 7 октябргача расман мурожаат қилишлари лозим.

Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси бу кунни президентликка номзодларни рўйхатга олишнинг охирги куни деб эълон қилган.

Тожикистондаги мухолифат президентлик сайлови муносабати билан Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари ташкилоти деган ташкилотга бирлашганлар.

Унга Тожикистон Исломий Уйғониш партияси, Тожикистон Социал-демократлар фирқаси аъзолари ва қатор сиёсий фаоллар кирганлар.

9 сентябр кунги йиғилишида Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари ташкилоти 63 ёшли инсон ҳуқуқлари фаоли ва жамоат арбоби Ойнихол Бобоназарованинг номзодини Тожикистон мухолифатининг ягона номзоди сифатида илгари суриш қарорини қабул қилган.

Бобоназарова хонимни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказиш ташаббус гуруҳи маълум қилишича, қонун бўйича талаб қилинадиган имзоларни йиғишда ўзларига ҳокимият томонидан халақит берилаяпти.

"Имзоларни тўплаш бюллетенида маҳаллий ҳокимият органининг муҳрини қўйиш талаб қилинади. Бу эса бизга имзоларни йиғишни бошлаш имконини беради. Ҳозир биз мамлакатдаги 68 туман ва аҳоли истиқомат қиладиган жойдан 12 тасидагина ишлаш учун рухсатнома олдик. Ҳар хил баҳоналар билан муҳр қўйиб бермаяптилар, бунинг оқибатида биз вақт йўқотаяпмиз", деб айтган Тожикистон Исломий Уйғониш партияси раҳбарларидан бири.

Агар бу ҳол яна давом этаверса, ташаббус гуруҳи маҳкамага мурожаат қилиш ниятида эканини билдирган.

Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси мухолифат номзодини рўйхатга олишга қаршилик қилинаётганини рад этган.

"Биз шаффоф ва адолатли сайлов ўтказилишидан манфааатдормиз. Мухолифатнинг баёнотини мен ўзларининг рейтингини ошириш мақсадидаги уринишлари деб ҳисоблайман", деб айтган Сайлов комиссияси раиси Абдуманнон Додоев.

Айни пайтда Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партиясининг навбатдан ташқари қурултойи партия раиси Олим Бобоевни президентликка номзод сифатида илгари суриш ҳақида қарор қабул қилган.

Тожикистондаги қудратдаги Халқ-Демократик партияси ўз номзодини ҳозирча илгари сургани йўқ.

Бироқ мамлакатдаги кўпчилик бу номзод жорий президент Имомали Раҳмон бўлишига шубҳа қилмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ