Имомали Раҳмон - Тожикистон Ёшлари иттифоқи номзоди

Тожикистон Ёшлари Иттифоқининг қурултойи жорий Президент Имомали Раҳмон номзодини 6 ноябр кунига мўлжалланган президентлик сайловига илгари сурган.

Жаноб Раҳмон номзодини 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасининг бокс бўйича бронза медалини қўлга киритган Мавзуна Чориева таклиф қилган.

Тожикистон Ёшлари Иттифоқининг раиси Маликшо Неъматовнинг айтишича, қурултой иштирокчилари бир овоздан ушбу таклифни ёқлаганлар.

Президент Имомали Раҳмон Тожикистон Халқ-Демократик партиясининг раиси ҳисобланади.

Халқ-Демократик партиянинг қурултойи 4 октябр кунига мўлжаллангани хабар қилинган.

Шу пайтгача Тожикистон мухолифати ягона номзод сифатида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва жамоат арбоби Ойнихол Бобоназарова номзодини илгари сурди.

Шунингдек, Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партияси Олим Бобоев, Тожикистон Аграр партияси академик Толиббек Бухориев, Тожикистон Демократик партияси Саиджаъфар Исмоновнинг, Тожикистон Социалистлар партияси эса Адбуҳалим Ғаффоров номзодларини илгари суришлари ҳақида эълон қилдилар.

Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси 7 октябрни президентликка номзодларни рўйхатга олишнинг охирги куни деб эълон қилган.

Сайлов комиссиясида номзодни рўйхатдан ўтказиш учун сайловчиларнинг 210 минг имзосини йиғиб топшириш талаб қилинади.

Бир кун олдин Ойнихол Бобоназарова номзодини илгари сурган Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари ташкилоти қонун бўйича талаб қилинадиган имзоларни йиғишда ҳокимият ўзларига халақит бераётганидан шикоят қилган.

"Имзоларни тўплаш бюллетенида маҳаллий ҳокимият органининг муҳрини қўйиш талаб қилинади. Бу эса бизга имзоларни йиғишни бошлаш имконини беради. Ҳозир биз мамлакатдаги 68 туман ва аҳоли истиқомат қиладиган жойдан 12 тасидагина ишлаш учун рухсатнома олдик. Ҳар хил баҳоналар билан муҳр қўйиб бермаяптилар, бунинг оқибатида биз вақт йўқотаяпмиз", деб айтган Тожикистон Исломий Уйғониш партияси раҳбарларидан бири.

Агар бу ҳол яна давом этаверса, ташаббус гуруҳи маҳкамага мурожаат қилиш ниятида эканини билдирган.

Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси мухолифат номзодини рўйхатга олишга қаршилик қилинаётганини рад этган.

60 ёшда бўлган Президент Имомали Раҳмон Тожикистонни 1992 йилдан буён бошқариб келади.

Фуқаролар уруши кетаётган Тожикистонда 1992 йили жаноб Раҳмон парламент раиси лавозимини эгаллаган эди.

Биринчи марта 1994 йилда ўтказилган сайловда Имомали Раҳмон беш йил муддатга президент этиб сайланган.

Шундан кейин Тожикистон конституциясига ўзгартириш киритилган ва 1999 йилдаги президентлик сайловида унинг кўп овоз тўплагани ва биринчи етти йиллик муддатга сайлангани эълон қилинган.

2006 йилда Тожикистонда ўтказилган сайловда ҳам жаноб Раҳмоннинг ғалаба қозонгани эълон қилинган.

Мухолифатга кўра, Тожикистоннинг амалдаги конституцияси бўйича жаноб Раҳмоннинг ўз номзодини илгари суриши мумкин эмас.

Аммо собиқ Шўро мамлакатларида ҳокимиятни қўлида тутиб турган шахслар учун конституцияни ўзгартириш унчалик ҳам мушкул иш эмаслигини СССР парчаланганидан кейин ўтган йиллар кўп маротаба кўрсатди.

Бу мавзуда батафсилроқ