ОДКБ саммитига Сурия ва Афғонистон масалалари қўйилган

Image caption 2012 йил декабридаги ОДКБ саммитида Ўзбекистоннинг бу ташкилотдаги аъзолиги тўхтатилиши ҳақида қарор қабул қилинган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида йиғилганлар.

Россия бу ташкилот ҳам ўзининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашига умид билдирган.

Бир неча кун олдин Қирғизистонда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитга йиғилганлар ва унда Россия тарафи Сурия масаласида Хитой, Эрон ва Марказий Осиё давлатларининг дастагини олишга муваффақ бўлган эди.

"Биз Суриядаги вазиятдан хавотирдамиз, бу фақат инқирознинг бутун минтақага салбий таъсири туфайлигина эмас, балки халқаро қонунчилик тизимига салбий таъсири оқибатлари туфайли ҳамдир. Мен ўйлайманки, бугун биз халқаро ҳамжамиятнинг Сурия бўйича саъй-ҳаракатларини дастаклай оламиз", деб айтган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

"ОДКБга аъзо мамлакатлар Сурия инқирозини фақат сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилиш лозим, халқаро ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларини талаб қилиш борасидаги биргаликдаги ҳаракатларини бундан кейин ҳам давом эттириш керак, деб ҳисоблайдилар", деб айтган Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Россия тарафи ОДКБ саммити кун тартибига Сурия борасида қўшма баёнот таклифини киритган.

Саммит якунида мамлакатлар раҳбарлари ушбу қўшма баёнотни қабул қилишлари мумкин, деб айтган Россия президенти ёрдамчиси.

Сочиг йиғилган Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентларининг Афғонистондан 2014 йилда НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейинги вазиятни ҳам муҳокама этишлари хабар қилинган.

Хусусан, раҳбарлар Афғонистон билан чегараларини мустаҳкамлашда Тожикистонга коллектив ёрдам бериш йўлларини кўриб чиқмоқчилар.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотининг аъзоси бўлган Ўзбекистон ўтган йили бу ташкилотдан чиқарилган эди.

2012 йил Москвада бўлиб ўтган ташкилот саммитида Ўзбекистоннинг аъзолиги тўхтатилиши борасидаги қарор қабул қилинган.

Москвадаги ОДКБ йиғинига раислик қилган Беларус Президенти Александр Лукашенко, Ўзбекистоннинг ташкилотдаги иштироки эмас, балки аъзолиги вақтинча тўхтатилаяпти, деб айтган.

Агар расмий Тошкент ташкилотга қайтмоқчи бўлса, барча қабул қилинган шартномаларни имзолаб, ратификациядан ўтказиши керак, деган Беларус раҳбари.

Бу мавзуда батафсилроқ