Қозоғистонлик болаларини жинсий зўрлаган америкалик эр-хотин қамалди

Image caption Эр- хотин Жозеф ва Линда Мэйоттлар маҳкамадан олдин.

Массачусетс штатилик эр- хотин Жозеф ва Линда Мэйоттлар Қозоғистондан асраб олган болаларини кўп йиллар давомида жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилиб қамоқ жазосига ҳукм этилди, дея хабар беради Америка ахборот воситалари.

Маҳкама чиқарган қарорга кўра, 50 ёшли Жозеф Мэйот 16-20 йилгача, 49 ёшли хотини Линда Мэйотт 18-22 йилни панжара ортида ўтказиши керак.

Уайтинсвилл шаҳрида яшаб келган оила Қозоғистондан ака-сингилни 2004 йилда асраб олишади.

Қозоғистонлик бола ўшанда 13 ёш, синглиси эса 8 ёшда бўлади.

Маҳкамада берилган кўрсатмаларга биноан, ака-сингил америкалик оиласига келгач, сақлаб олган ота-оналари томонидан жинсий зўравонликка рўпарў келганлар.

ДНК натижалари Линда Мэйот асранди ўғлидан фарзанд кўрганини ҳам тасдиқлайди.

Жозеф ва Линда Мэйоттнинг асранди болаларини жинсий зўрлагани 2009 йилда маълум бўлгач, улар ҳибсга олинади. Бироқ орадан бироз ўтгач эр-хотин гаров пули эвазига чиқариб юборилади.

Болалар эса давлат қарамоғига топширилади.

2013 йилда Мэйотлар устидан маҳкама қайтадан бошланиб, айни пайтда 21 ва 17 ёшга кирган болаларнинг ҳам кўрсатмалари эшитилган.

Линда Мэйот маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этиб, ўғли томонидан зўрланганини иддао қилган.

Бироқ ҳакам эр-хотин Мэйотларнинг берган кўрсатмаларидан қониқмаган.

Жозеф Мэйот айбловнинг 11 банди бўйича, Линда Мэйот 18 банд бўйича айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.