Халқаро Инқироз Гуруҳи Қозоғистон ҳукуматини ислоҳот ўтказишга чақирди

Image caption ХИГ ишонишича, Қозоғистондаги иқтисодий тараққиёт асосан йирик шаҳарларда кузатилмоқда

Ишчилар норозилиги, ижтимоий табақалашув ва Исломий ҳаракат барқарорликка таҳдид солаётган бир пайтда табиий бойликларга асосланган иқтисодий тарақққиёт Қозоғистонни ислоҳотларга бўлган эҳтиёжини озайтирмайди.

Қозоғистонда юзага келган вазиятни таҳлил қилган Халқаро Инқироз Гуруҳи (ХИГ) ана шундай хулосага келган.

"Қозоғистон: ўзгаришлар умидида" номли сўнгги ҳисоботида ХИГ президент Нурсултон Назарбоев даври ниҳоясига етаётган бир пайтда Қозоғистон барқарорлиги истиқболларига назар ташлайди.

73 ёшли Нурсултон Назарбоев табиий заҳираларга бой Қозоғистонни 20 йилдан кўпроқ вақт давомида идора этиб келади.

ХИГ хулосаларига кўра, Назарбоев иқтидорда экан энергетика соҳасида Қозоғистоннинг дунёдаги роли ошди, бироқ ундан кучсиз сиёсий институтлар, коррупция, назорат остидаги матбуот ва тез-тез поймол этиладиган инсон ҳуқуқлари мерос қолмоқда.

Аҳоли норозилиги аста-секинлик билан кучайиб бормоқда, дейилади ХИГ сўнгги ҳисоботида.

Гуруҳ фикрига кўра, 2014 йилда халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши Марказий Осиёдаги барқарорликни кучсизлантириши мумкин.

Ёш қозоқлар, қўшни давлатлардаги тенгқурлари сингари, жиҳодий муборизага жалб этилиши ва улар бу муборизани Қозоғистонга келтиришлари мумкин, дея хулоса қилади ХИГ.

Халқаро Инқироз Гуруҳи ҳисоботида келтирилган асосий хулосалар қуйидагичадир:

• Қозоғистон 2010 йилда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташиклоти саммитига мезбонлик қилганидан буён сиёсий ва шахсий эркинликларни чекловчи қонунларни қабул қилди. Ҳукуматни танқид қилган мухолифатдаги сиёсатчилар, матбуот ва фуқаровий жамият вакиллари жарималарга тортилди. Қудратнинг кичик бир гуруҳ қўлида жам бўлиши, сиёсий институтларнинг кучсизлиги ва иқтисодий тараққиётнинг асосан Остона ва Олмотида кузатилаётгани ўтган йигирма йилда эришилган ютуқларни йўққа чиқариши мумкин.

• Айниқса ғарбий вилоятларда яшовчи ёш қозоқлар сиёсий ақида воситаси сифатида тобора кўпроқ Исломга юз бурмоқдалар.

• Назарбоев давридан сўнг, бир шахс ёки гуруҳ қудратни сақлаб қолиши учун афтидан назоратни кучайтириши зарур бўлади. Қозоғистондаги сиёсий институтлар рақобат ёки плюрализмга мослашган эмас. Сиёсий ва иқтисодий элита ўртасида низорларнинг кучайиши хавфи мавжуд. Хавфсизлик кучлари оммавий норозилар юз бергудек бўлса, уларни куч билан бостириши мумкин.

• Назарбоев ўз ворислик сиёсатини силлиқ йўллар билан тушутириши ва татбиқ этиши лозим. Ғарб тамал инсон ҳуқуқлари меъёрларига риоя этиш учун кўпроқ босим ўтказиши зарур. Айни соҳада сезиларли илгарилаш бўлмас экан Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига бўлган интилишлари дастакланмаслиги даркор.

“Агар сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш астойидил ҳаракат қилмаса, Қозоғистон йирик табиий заҳираларга асосланган яна бир авторитар режимга айланиш хавфи бор”, - дейди ХИГнинг Марказий Осиё лойиҳаси директори Дейре Тинан.