Подмосковедаги ёнғинда меҳнат муҳожирлари ҳалок бўлган

Хабарларга кўра, Москва вилоятидаги қурилиш вагонида 5 октябр тунидаги ёнғин уч инсоннинг умрига зомин бўлган.

Яна икки киши куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси Тожикистон фуқаролари бўлгани айтилмоқда.

Ҳодиса Красноярск туман Ильинское-Усово посёлкасида рўй берган.

Кейинги кунларда ҳавонинг совиб кетиши натижасида қурилишда ишлаб, ўша ҳудуддаги вагончаларда яшаб келган муҳожирлар исиниш учун олов ёққан бўлишлари мумкин деб тахмин қилинмоқда.

Ўт ўчирувчилар етиб келганда оловнинг баландлиги қутқариш ишларига халақит берган.

Икки кишини қутқаришга муваффақ бўлинган. Ёнғин сабаблари ўрганилаётгани айтилмоқда.

Умуман Россиядаги меҳнат муҳожирларининг яшаш учун ноқулай шароитларда яшаб, хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликлари оқибатида ҳалок бўлишлари янгилик эмас.

Ўтган ойда ҳам Россиянинг Новосибирск шаҳрида қурилиш вагонида яшаб келган уч нафар ўзбекистонлик заҳарланиш оқибатида нобуд бўлган эди.