2013 йилги Қурбон Ҳайитининг биринчи куни 15 октябрда кутилмоқда

Саудия Арабистони расмийлари Ҳаж зиёратини адо этаётган мусулмонлар 14 октябр куни Арофат водийсида туришларини, бу йилги Қурбон Ҳайитининг биринчи куни 15 октябрга тўғри келиши ҳақида хабар қилганлар.

Шу муносабат билан Тожикистон Уламолар Кенгаши Тожикистонда Қурбон Ҳайити 15 октябр, душанба куни нишонланиши ҳақида маълум қилдилар.

Ўзбекистонда ҳам Қурбон Ҳайитининг шу куни нишонланиши кутилмоқда, одатда Қурбон Ҳайити кунини мамлакат ҳудудида дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида Ўзбекистон президентининг фармони эълон қилинади.

5 октябр куни Саудия Арабистони подшолиги янги ой кўрингани, бунга ишончли, иймонли ва тақводор одамларнинг гувоҳлиги ҳужжат қилингани ҳақида хабар қилган ва 6 октябр кунини Ҳижрий тақвим бўйича Зулҳижжа ойининг биринчи куни деб эълон этган.

Саудия Арабистонига бутун дунёдан мусулмонлар йиғилмоқда.

Бу йил Саудия ҳукумати жаҳондаги мусулмон мамлакатларга мурожаат қилган ва Ҳаж зиёратчиларининг сонини камайтиришни сўраган эди.

Бунинг сабаби зиёратчилар Ҳаж ва Умра амалларини қийинчиликларсиз адо этишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки харам ҳудудини кенгайтириш ишлари амалга оширилаётгани хабар қилинган.

Лекин Ўзбекистон расмийлари Саудиянинг Ҳаж зиёрати учун масъуллари билан музокаралардан кейин Ўзбекистондан борадиган зиёратчиларнинг сонини камайтирмасликка эришганлари ҳақида маълум қилдилар.

Охирги йилларда Ўзбекистондан 5000 мусулмон Ҳаж зиёратини адо этиб келмоқда.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси хабар қилишича, шу кеча-кундузда ўзбекистонлик зиёратчилардан 1290 га яқини Мадинаи мунаввара шаҳрида, 2656 зиёратчи Маккаи мукаррамада ибодатларини давом эттирмоқдалар, қолган зиёратчилар ҳам Саудия Арабистонига етиб бормоқдалар.

Бу йилги Ҳаж зиёрати олдидан Саудия Арабистонида Яқин Шарқ Респиратор Синдроми коронавируси деб номланган янги вирус тарқалгани маълум бўлди.

4 октябр куни Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти хабар қилишича, коронавирусга чалинган инсонларнинг сони 136 га етган.

Ҳали тўла ўрганилмаган бу вирусни юқтирган 58 инсон ҳаётдан кўз юмгани, шундан 49 нафари саудияликлар экани хабар қилинган.

Шу боис айрим мамлакатлар, хусусан, Россия тиббиёт мулозимлари мусулмонларга Ҳаж зиёратини бу йил қолдириб туришни маслаҳат берган.

Бу мавзуда батафсилроқ